Жамият | 13:32 / 10.05.2015
25203
2 дақиқада ўқилади

Мухлислар Райҳон ва Лоланинг янги клипида ҳамжинсбозлик белгиларини кўришди

Хонандалар Райҳон ва Лоланинг “Кўникмадим” дуэтига ишланган видеоклип матбуот саҳифаларида, шунингдек, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Клипда икки хонанда бир-бирига нисбатан “ғалати” хатти-ҳаракатлар қилгани мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Айримлар бунда ҳамжинсбозлик тарғиботини кўрса, бошқалар ижодкорлар ўз ғоясини тўғри очиб бера олмаганини гумон қилмоқда.


Янги клип матбуот диққатидан ҳам четда қолмади. Жумладан, “Даракчи” газетасида томошабинлардан бирининг мактуби чоп этилди. “Ҳатто хаёлимга урилган тахминлардан ўзим ҳам қурқиб кетаман. Йўғ-э, унақамасдир, ахир ўзбекмиз-ку! Замон ҳар қанча тараққий этса-да, ўзлигимиз, менталитетимизни унутмасак керак?”, - деб ёзади унда номаълум мухлис.


Райҳон бу фикрларни изоҳлар экан, “ҳар кимнинг ўз фикри ва диди бор”лигини таъкидлаб ўтди. Лола ҳозирча шарҳ беришдан бош тортмоқда.

Таҳририят номидан: ушбу видеокетма-кетликнинг дунё юзини кўриши яна бир бор клиплар, қўшиқлар ва концерт дастурларини жамоатчиликка тақдим этишга рухсат бериш критерийлари масаласини кўндаланг қўймоқда. Соҳанинг масъул ташкилотлари айрим ўринларда саҳнадаги кичик хурмача қилиқлар туфайли санъаткорларни лицензиядан жудо қилган ҳолда, томошабиланларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётган шоу-бизнес маҳсулотларини ҳеч қандай тўсиқсиз телевидение орқали айлантиришга рухсат бермоқдалар. Бу эслаб ўтилган ташкилотларда кўтарилган масалада аниқ талаблар ва қоидалар ишлаб чиқилмаганидан, мутахассислар фақат шахсий таассуротларидан келиб чиқишидан далолат берадими, ёки соҳада биз билмайдиган бошқа жараёнлар содир бўлмоқдами? ОАВ ходимлари бу саволга жавоб қидириши керак деб ўйлаймиз.


Аҳлоқий қоидалардан келиб чиққан ҳолда, ушбу клипни сайтимизга жойлаштирмадик. Аммо истаганлар уни ҳеч қандай қийинчиликсиз глобал тармоқдан топиши мумкин.

Суратлар: “Кўникмадим” видеоклипидан скриншот