Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов Фарғона вилоятига ташриф буюрди
Муборак Рамазон ойи Республикамизнинг турли вилоятларида, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам кўтаринки руҳда давом этмоқда. Фазилатларга лиммо-лим бўлган ушбу ой ўзининг таровати билан барчанинг кўнглига сурур бағишламоқда. Яратганга шукурки юртимиз истиқлолга эришгач миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланди. Осмони мусаффо ҳур диёримизда юртдошларимиз эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилди.
Собиқ мустабид даврида Фарғона вилоятида атиги 4 та масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирда вилоятдаги масжидларнинг умумий сони 198 тани ташкил қилади. Ушбу масжидларда диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган малакали имом-хатиблар фаолият кўрсатмоқдалар. Айни кунларда Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган масжидларнинг 149 тасида хатми Қуръон ва 49 тасида таровеҳ намозлари ўқилмоқда.
Моҳи шарифнинг 15 санасида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Фарғона вилоятига ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг зиёратларидан мўъмин-мусулмонларнинг ҳурсандчилиги янада зиёда бўлди.
Муфтий ҳазратлари Марғилон шаҳридаги “Хонақоҳ” масжидида хатми Қуръонда қатнашдилар ҳамда тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш каби долзарб мавзуларда маъруза қилдилар.
Ташриф давомида вилоятда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, нуроний кексалар билан ҳамсуҳбат бўлдилар. Зеро, Юртбошимиз томонидан 2015 йил – “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ёши улуғларимизга қаратилган эътиборнинг юксак намунаси бўлганини, кексалари қадр топган юртда қут барака бўлишини таъкидладилар. Муфтий ҳазрат Фарғона вилоятида олиб борилаётган улкан ўзгаришлар янада равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва мамлакат ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлишини тилаб дуои хайрлар қилдилар.
Манба: Muslim.uz