Фан-техника | 11:25 / 18.09.2015
13181
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда биринчи AVTOTEST автомактабининг очилиши бўлиб ўтди

17 сентябрь куни Тошкентда биринчи AVTOTEST инновацион автомактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Яқин кунларда автомактаб 50 нафар ўқувчини қабул қилади. Улар эрталабки (9:00-12:00) ва кечки (18:00-21:00) гуруҳларда таҳсил олади. Таълим даври 3 ойни ташкил қилади.


“Мактабнинг очилиши биз учун жуда муҳим воқеа бўлди, - деди AVTOTEST компанияси директори Маҳамадхўжаев Комилхўжа. - Инновацион автомактаб ғояси бизни лойиҳани амалга ошириш даври давомида илҳомлантириб келди. Меҳнатимизнинг биринчи натижаларини кўришдан хурсандмиз. Яқин кунларда биз биринчи ўқувчиларимиздан асосий мақсадимизни қай даражада амалга ошира олганимизни сўраб кўрамиз. Асосий мақсадимиз эса таълим жараёни максимал даражада осон, қизиқ ва сифатли бўлган автомактаб яратиш эди”.


“Биз йўлларда хавфсизликни таъминлашга интилмоқдамиз ва юқори ҳайдовчилик маданиятини тарғиб қилиб бормоқчимиз. Автомактаблардан ташқари, биз медиаканаллардан фойдаланган ҳолда болалар учун мультфильмлар, ёшлар учун ситкомлар суратга олишни йўлга қўйдик. Таниқли ижрочилар билан ҳамкорликда мусиқий материаллар тайёрланмоқда. Биз тўғри ва саводли машина ҳайдаш ёшлар орасида тренд даражасига чиқишини истаймиз”, - қўшимча қилди у.


AVTOTEST инновацион автмактаби таълим ва технологиялар соҳасидаги энг охирги ютуқларга таянган ҳолда комплекс ечимларни таклиф қилади. Лойиҳа ижрочилари компания миссияси сифатида йўл ҳаракат хавфсизлигини ҳайдовчилик маданиятини ошириш йўли билан таъминлашни кўрсатишди.
AVTOTEST автомактаби замонавий бинода жойлашган бўлиб, унинг ҳар детали мана шу вазифага хизмат қилади. Охирги техника билан жиҳозланган синфхоналар юқори даражада қулайдир. Дам олиш зоналари эса шундай ўйланганки, талабалар мини библиотека шаклида махсус жиҳозланган, Wi-Fi тармоғи ва кафетерийга эга аудиторияларда вақт ўтказганида ҳам, шунчаки коридорда юриб ҳам, билим олишда давом этади.


Маърузалар хонаси шаҳарнинг асосий йўллар макети билан таъминланган. Алоҳида таъкидлаш керакки, машина ҳайдашни ўрганиш симулятор билангина чекланмайди. Тренажёрни ўзлаштириб бўлгач, талабалар замонавий автодромда амалиёт ўтай бошлайди. Сирғали туманида жойлашган автодром ҳайдовчининг турли вазиятлардаги хатти-ҳаракатларига баҳо бериш имкониятини яратади. Автодромда ҳақиқийга яқинлаштирилган шароитлар яратиш мумкин – ёмғир, қор, қия ёки сирпанчиқ йўллар. Автодромда машинани муваффақият билан бошқара олган талабаларгина тажрибали инструкторлар билан биргаликда шаҳар кўчаларига чиқади. Автомобиллар ҳаракат датчиклари ва GPS-навигаторлари, шунингдек, видеокузатув камералари билан таъминланади.


Сифат назорати автомактаб фаолиятининг муҳим қисмларидан биридир. Сифат назорати тизими ўз ичига қуйидагиларни олади: талабалар ва ўқитувчилар ўз вақтида аудиторияларда бўлиши, талабаларнинг дарслардаги фаоллиги, ўқитувчи ишининг сифати ва уй вазифалари бажаралишини кузатиш. Баҳолаш ҳар бир дарсда олиб борилади: ўқитувчилар талабаларни, талабалар эса ўқитувчиларни баҳолаб боради.
Айтиб ўтиш жоиз, яқин кунларда AVTOTEST Тошкентнинг Чилонзор туманида иккинчи автомактабни очади. Биринчиси эса Навоий кўчасида жойлашган.