Жаҳон | 07:51 / 27.10.2015
7034
2 дақиқада ўқилади

Осиё жанубидаги зилзила қурбонлари сони 263 нафарни ташкил этмоқда

26 октябрда Тошкент вақти билан соат 14:09да Афғонистон ва Покистон ҳудудларида юз берган зилзила қурбонлари сони 263 нафарга етди.

Покистон ҳукумати ушбу зилзила туфайли 228 нафар кишининг ўлимини тасдиқлаган. Шунингдек, минглаб покистонликлар жароҳатланган.

Афғонистонда эса 33 нафар киши ҳалок бўлиб, 200 нафарга яқин киши тан жароҳатлари олгани айтилган.

Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг маълум қилишича, зилзила маркази Афғонистон пойтахтидан шимоли-шарқий томонга 259 км узоқликда Ҳиндукуш тоғларида, ўчоғи 190 км чуқурликда бўлган.

АҚШ геология хизмати маълумотига кўра 26 октябрь куни, Афғонистон вақти билан соат 13:39 да (Тошкент вақти билан 14:09да) содир бўлган зилзила эпицентри Афғонистоннинг Ҳиндукуш минтақасида кузатилиб, 7.5 баллни ташкил қилди. У Покистонда, Тожикистонда, шунингдек, Ўзбекистоннинг, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва бошқа вилоятларида кузатилди. Ер силкинишлари Қозоғистоннинг Олма-Ота, Тароз, Чимкент, Қирғизистоннинг Ўш шаҳарларида ҳам сезилди.

Охирги хабарларда Покистонда зилзила қурбонлари сони 150 нафардан ортгани хабар қилинганди.