Фан-техника | 20:56 / 23.11.2015
7736
6 дақиқада ўқилади

Илмий тушунчаларнинг содда ифодаси

Қора туйнук ёки бир неча ўлчамли оламни қандай тасаввур қилса бўлади? Глобал молиявий инқироз қандай бошланган? Буларни илмий изоҳлаб ёзилган мақола ва рисолалар кўп. Лекин содда тил билан қандай тушунтириш мумкин? Айниқса, болаларга. “Look At Me” ресурси мутахассислар томонидан содда тил билан тушунтириб берилган айрим илмий қарашларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилди. Xabardor.uz таржимаси.

Зарралар физикаси нима? 

Пол Соренсон, физик 

“Дўстим иккимиз кичкина буюмларни бир-биримизга думалатиб, уларни янада майдароқ бўлакка бўламиз. Биз энг кичкина бўлак пайдо бўлмагунича буюмларни бир-биримизга думалатаверамиз. Шундай тарзда буюм нимадан иборатлигини билиб оламиз”.

 

Иммунитет қандай ишлайди?

Ана Лобато, иммунолог 

“Бизнинг танамиз меҳмонларни унчалик ҳам хушламайди, айниқса, дўстдек туюлмаган меҳмонларни. Бирор меҳмон “ташриф буюрса”, ҳужайраларимиз турли кўзлари билан уларга “тикилишади”. Турли “кўзлар” турли шаклларни кўришади ва бу “меҳмон”нинг кимлигини ва унга қандай муносабатда бўлиш кераклигини билиб олишади. Улар оддий кўзларга ўхшамайди, балки худди кичкина қўлчалардек ҳаракат қилишади. Уларнинг ёрдамчи-дўстлари жуда кўп ва қанчалик кўп бўлишса шунчалик яхши. Улар биргаликда нотанишга ҳужум қилишади ва уни еб қўйишади. “Меҳмон”ни еб бўлишгач, унинг қолдиғини бошқа дўстларига ҳам кўрсатишади ва унинг ким эканлигини билдиришади. Танамиз шу тарзда бизни касалликлардан ҳимоя қилади”. 

 

Квант компьютер қанчалик кучли? 

Умеш Вазирани, Калифорния университети профессори 

“Бир ривоят бор. Менимча, у шоҳ Акбарнинг вазири Бирбал ҳақида. Шоҳ унинг хизматидан шунчалик миннатдор бўладики, ҳар қандай тилагини рўёбга чиқариш орқали вазирни мукофотламоқчи бўлади. Вазир ундан гуруч сўрайди. У шахмат тахтасининг биринчи катагига бир дона, иккинчи катагига икки дона, учинчи катагига тўрт дона гуруч қўйиб, шу тарзда гуруч доналарини кўпайтириб боришларини сўрайди. Хазинабон берилаётган гуручни ҳисоблашни бошлайди ва улар шахмат тахтасининг охирги катагига етиб бормаслариданоқ омборда гуруч қолмайди. Ҳисоблашнинг квант алгоритми ҳам қувватнинг худди шундай кўринишда ошиб боришини кўрсатади”. 

 

Қора туйнукни қандай кўрсатиш мумкин? 

Роберт Фрост, таълим йўриқномалари бўйича мутахассис 

“Бир бўлак плёнка олинг, уни қўлларингизда икки томонга тортиб текисланг ва оғирлиги туфайли плёнка пастга тортилиши учун ўртасига шарча қўйинг. Бир неча томчи сувни плёнкага томизинг ва томчилар шарча томонга думалаб боришини кузатинг. Бу гравитация қандай ишлашини кўрсатади. Шарчани олиб ташланг ва фарзандингизга плёнка марказини бармоғи билан босишини айтинг. У плёнкани қанчалик куч билан босса (жисм қанчалик оғир бўлса), туйнук шунчалик кучлироқ бўлишини тушунтиринг. Кейин эса фарзандингизга плёнка ўртасини тешишини айтинг, бу ўта оғир жисмни ифодалайди. Мана шу тешикдан сув томчилари тушиб кетади. Демак, қора туйнук шунчалик оғир жисмки, у бўшлиқни бука олади. Унинг ичига тушиб қолган барча нарса худди томчилар каби йўқолиб кетади”.

 

“Lehman Brothers” инқирозга қандай учради?

(жаҳон иқтисодий инқирозининг бошланиши) 

Нэтан Майерс, иқтисодчи

“Бир йигитча дўкондан нархи 1 доллардан 10 дона “Сникерс” сотиб олди ва мактабда ўша куннинг ўзида 1,5 доллардан сотиб юборди. У пул ишлаш шунчалик осонлигини кўргач, эртасига 100 дона шоколад сотишни ўйлади. Юз дона “Сникерс” сотиб олиш учун у бир неча оғайнисидан 10 доллардан қарз олди. Лекин у эртасига мактабга келганида, залда 75 центдан шоколад сотувчи автомат машинага кўзи тушди. Табиийки, ҳеч ким ундан 1,5 доллардан шоколад сотиб олмади ва у ҳам нархни 75 центга туширишга мажбур бўлди. Оқибатда у топган пул дўстларидан олган қарзини қайтаришга етмади ва дўстлари уни дўппослашди”.

Коинотнинг кўп ўлчамли бўшлиғини қандай тасаввур қилиш мумкин?

Грег Ландсберг, физик 

“Қўлингизда ушлаб турган бир варақ қоғозда чумоли юраётганини кўз олдингизга келтиринг. Чумоли учун унинг “коиноти” икки ўлчамли, чунки у варақ юзасини тарк эта олмайди. У фақат шимол, жануб, шарқ ва ғарб борлигини, варақ юзасида экан, ҳеч қачон юқорига ёки пастга юра олмаслигини билади. Қандайдир маънода биз ҳам кўп ўлчамли коинотнинг уч ўлчамли оламида яшаймиз.

Физикларнинг тахмин қилишларича, агарда ҳақиқатан ҳам қўшимча ўлчамлар бўлса, улар ўралган ҳолатда мавжуддир. Чумоли билан боғлиқ мисолга қайтамиз: биз қоғозни цилиндр ҳолатига келтириб ўраймиз. Бу ҳолатда чумоли бир йўналишда ҳаракатланади ва охир-оқибат ҳаракатни бошлаган нуқтасига қайтиб келади. Бу ихчамлашган ўлчамга мисол бўлади. Агар чумоли цилиндр узунлигига параллел равишда ҳаракатланса, у ҳеч қачон ҳаракатлана бошлаган нуқтасига қайтиб келмайди (цилиндрнинг узунлигини чексиз деб тасаввур қилсак). Бу “текис” ўлчамга мисол бўлади. Назариётга кўра, биз ўзимизга таниш бўлган “текис” уч ўлчамли оламда яшаймиз, лекин қўшимча ўлчамлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ўта кичик даражали радиус остида ўралган”.