Спорт | 22:06 / 14.12.2015
6444
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал мусобақалари бўлиб ўтди

2015 йилнинг 12-13 декабрь кунлари Жиззах шаҳридаги «Наврўзбулоқ» пойгагоҳида автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал мусобақалари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жиззах вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг йигирма уч йиллиги ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили”га бағишлаб ўтказилган тадбир Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон миллий автомобиль федерацияси, Республика техник ва амалий спорт турлари маркази, Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Мусобақада Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё ва мезбон Жиззах вилояти автоспорт усталари ўзаро куч синашдилар.

“А-7” русумли автомобиллар пойгасида биринчи ва иккинчи босқич натижаларига кўра тошкентлик Фарҳод Даминов биринчи, жиззахлик Темур Нарзиқулов иккинчи, қашқадарёлик Исроил Ачилов учинчи ўринни эгалладилар.

“А-8” русумли автомобиллар бахсида эса жиззахлик Умид Соатов биринчи, тошкентлик Шохрух Шокиров иккинчи ва самарқандлик Жамол Зокиров учинчи ўринларни банд этдилар.

“Багги” русумидаги автомобиль ҳайдовчилари ўртасидаги баҳсда жиззахлик спортчилар Асқар Ҳасанов, Ғайрат Одилов ва Омон Йўлдошевлар мос равишда 1-,2- ва 3-ўринларни эгаллаб тенгсиз эканликларини намойиш қилдилар.

Миллий “Нексия” русумидаги автомобиллар мусобақасида эса Тошкент шаҳри вакили Игор Газиянц 34 очко жамғариб биринчи, Бекзод Одилов 26 очко билан иккинчи ва яна бир тошкентлик спортчи Антон Туманов 19 очко билан учинчи ўринларни банд этдилар.
Иккинчи босқичда жиззахлик спортчилар 371 очко билан биринчи, 359 очко тўплаган тошкентликлар иккинчи ва 193 очко жамғарган наманган вилояти вакиллари эса учинчи ўринни эгалладилар.

Умумжамоа ҳисобида йил якуни билан Тошкент шаҳри жамоаси биринчи (793 очко), Жиззах вилояти спортчилари иккинчи (780 очко) ва қашқадарёликлар учинчи (320 очко) ўринни эгалладилар. Наманган (283 очко), Бухоро (275 очко) ва Самарқанд (244 очко) спортчилари эса 4-,5-,6-ўринларни банд этишди. Сурхондарё вилояти вакиллари эса бу йилги бахсларда биронта ҳам очко ишлай олмаганлар.

Баҳслар якунида Ўзбекистон чемпионати иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Эслатма: Чемпионатнинг дастлабки босқичи 2015 йилнинг март ойида ташкил этилган эди.