Жаҳон | 19:32 / 19.12.2015
19164
3 дақиқада ўқилади

Энг йирик қоғоз пуллар бешлиги: секстиллион пенге ва 100 биллион дирҳам

Одатда “миллионер” дейилганида банкда катта миқдордаги маблағга эга бўлган ҳисоб рақам, пул тўла хамён, дипломат эгаси тушунилади. Бироқ ўзини миллионер деб ҳисоблаш учун ҳар доим ҳам бир қоп пулга эга бўлиш шарт эмас. Баъзи мамлакатларда мисол учун 1 миллион номиналига тенг бўлган қоғоз пулни қўлга олишнинг ўзи кифоя қилади. Бир қатор давлатлар эса миллионли қоғоз пуллардан ҳам ўзиб кетиб, тўққизта нолни ҳам ортда қолдиришган!

Демак, тарихидаги энг катта қийматдаги пуллар билан танишамиз.

1. Венгер пенгёси

Етакчилик шубҳасиз 1927 йилдан 1946 йилгача муомалада бўлган Венгрия пул бирлигига тегишли. Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, АҚШ доллари курсининг пенгёга бўлган қиймати 1945 йилнинг 31 август ҳолатига кўра 1320 ни ташкил қилган. Ўша вақтда пенгёнинг максимал номинали бор-йўғи 10000 га етган. Бироқ инфляция ўз ишини қилди ва Венгрия миллий валютасининг тезкорлик билан қадрсизланиши туфайли Венгрия 100 минг, 1 миллион ва ҳатто 10 миллион номиналидаги пулларни муомалага киритиб, номинални кўтаришга мажбур бўлди. Бу эса энг сўнгги чегара эмас эди. Дунёдаги энг йирик миллиард қийматидаги (расмий номиналда секстиллион пенгё қийматидаги) пул чиқарилишига ҳозирлик кўрилаётган эди. Бундай пулни қўлда ушлаб турган одам миллионер ҳисобланмасди, у бор-йўғи 20 Америка центи эгаси эди.

2. Грек дирҳами

Греция Иккинчи жаҳон уруши вақтида гиперинфляциянинг жиддий даврини бошдан кечирди. 1944 йилда инфляция авжига чиқди, 1 янги дирҳам 50 миллиард эскисига алмаштирилган. Бироқ инфляция давом этарди, 1954 йил 1 майда янги алмашинув содир бўлди, 1 та янгироқ дирҳам 1000 та эскисига алмаштирилди: мамлакат 100 биллион дирҳам номиналидаги банкноталарни чиқарган. Фақат шундан сўнггина деноминация ўтказилган.

3. Немис маркаси

Германия ҳам ўзининг маркалари билан мазкур рўйхатга киритилган, унинг энг катта номинали 100 триллион маркага етган, АҚШ долларида ҳисобланганида бор-йўғи 25 долларни ташкил этган. Инфляцион вазият мамлакатда 1923 йилнинг ёз фаслида бошланган. Ноябрь ойи охирида нархлар 854 марта, доллар курси эса 400 минг марта ўсди.

4. Зимбабве доллари

Зимбабве доллари 1981 йилнинг апрелидан бошлаб муомалада бўлган ва 2009 йилнинг июнига қадар сақланиб қолган: расмий маълумотларга кўра, 2008 йилнинг июлида 231 миллион фоизни ташкил қилган! Инфляция эса 100 триллион доллар номиналидаги банкнотанинг муомалада пайдо бўлишига сабаб бўлди.

5. Югославия динори

Мамлакатдаги ички беқарор вазият ва Югославия Социалистик Федератив Республикаси инқирози 1993 йилда 100 дан 500 миллиард динор номиналидаги пул (бон)нинг чиқарилишига сабаб бўлди. 1994 йилда 1,5,10 ва 20 қийматидаги “янги динорлар” муомалага киритилди. 1996 йилда уларнинг қатори 50 ва 100 янги динор номиналидаги пуллар билан тўлдирилди. “Янги” сўзи мамлакатда 2000 йилгача сақланиб қолди, 10,20,50 ва 100 динорлар “янги” сўзисиз босиб чиқарилди.