Жамият | 15:29 / 23.12.2015
14183
4 дақиқада ўқилади

ОАВ “Коинот гўзали” финали ҳақида: бу атайлаб уюштирилган эдими?

21 декабрь куни Лас-Вегасда ўтган “Коинот гўзали” танлови финалида рўй берган ҳодиса жамоатчилик оғзидан тушмай келмоқда. Эслатиб ўтамиз, бошловчи, айни пайтда комик актёр ва ёзувчи Стив Харви карталарни адаштириб юбориб, Колумбия гўзали Ариадна Гутьерреснинг ғалабасини эълон қилди. Гўзал бошига тожни кийиб, бир неча дақиқа олқишларга сазовор бўлди. Дафъатан Стив Харви саҳнага қайтиб, янглишганини билдирди ва ғалаба Филиппин гўзали Пиа Алонсо Вурцбахга тегишли эканлигини маълум қилди. Тўғридан-тўғри эфирда кетган бу саҳна интернетга жойлаштирилиб, қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Видеода бошқа иштирокчилар Ариадна овунтиришга уринганини кузатиш мумкин.
“Колумбия гўзалининг орзуси Лас-Вегасда бир неча дақиқага амалга ошди – у “Коинот гўзали” деб эълон қилинди”, - деб ёзади ОАВ.

Колумбия президенти Ариадна мамлакат аҳли учун ғолиба бўлишини таъкидлади. Бир гуруҳ адвокатлар танлов ташкилотчиларини судга беришга ҳозирлигини айтмоқда. Журналистлар бу томоша атайлаб уюштирилганини ёзмоқда.

Бу орада интернет Стив Харвининг хатосини кескин танқид остига олмоқда. Унинг бу иши туфайли ҳақиқий ғолиба ҳам, ғалабага бир неча дақиқага эришган Ариадна ҳам ноқулай аҳволда қолишди, чинакам ғалаба нашидасини эса ҳеч ким сурмади. Бу йилги “Коинот гўзали”да ғалаба қувончи кузатилмади, деб хулоса қилади таблоидлар.

Бир гуруҳ машҳурлар Twitter орқали рўй берган воқеани муҳокама қилишди.

Спорт шарҳловчиси Сет Дэвис: “Мен Коинот гўзали нималигини билмас ҳам эдим. У менинг диққатимни тортди”.

Ёзувчи Атул Хари: “#MissUniversе2015 атрофидаги баҳслар одамлар унинг такрорларини кўриши учун уюштирилди, акс ҳолда у эртасигаёқ унутиларди”.

Спорт журналисти Лес Ист: “Мен фитналар назариясига мутлақо сотилмайман, лекин бу Коинот гўзали энг диққат тортар бўлди. Ҳар доимгидан ҳам”.

Бошқа кўплаб маданият вакилларининг шу каби фикрларидан келиб чиқадиган хулоса шуки, танлов ташкилотлари ўз тадбирларига кўпроқ диққат тортиш мақсадида бу “хато”ни ўзлари уюштирган бўлиши мумкин. Алданган Колумбия гўзалининг ҳис-туйғулари оёқости бўлгани эса уларни қизиқтирмайди, дея таъкидлайди журналистлардан бири.

Ариадна Гутьерреснинг фан-клуби томонидан чоп этилган видеолавҳада кўринишича, мухлислар орасида ўтирган бир аёл саҳнага яқинланлашиб, Стив Харвига Вуртбахнинг шарифи ёзилган картани узатган. Бу видеонинг ҳаққонийлиги шубҳа остига олинганига қарамай, шу асосда танловдаги биринчи ўрин сотилгани бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Танлов яқин-яқингача миллиардер, АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга тегишли эди. Шу боис бўлиб ўтган воқеада унинг қўли борлиги ҳам тахмин қилинмоқда. Бундан ташқари, Трампнинг кетиши билан нуфузи туша бошлаган тадбир шу йўл билан ўзини реклама қилиб олди, деган фикр йўқ эмас.