Ўзбекистон | 11:34 / 26.12.2015
7082
3 дақиқада ўқилади

Сеулда SNU ва ТАТУ ўртасидаги ҳамкорликнинг 10 йиллиги нишонланди

2015 йилнинг 16-22 декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул миллий университетида (Seoul National University, SNU) “Ахборот технологиялари соҳасидаги дунё инновация тармоғи-2015” ва “Green Smart тараққиёти ва истиқболлари-2015” халқаро анжуманлари ўтказилиб, уларда ТАТУ Самарқанд филиали директори А. Холжигитов, ТАТУ Нукус филиали директори Б. Кайипбергенов ва ТАТУ Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи А. Раджиевлар ташкилотчилар қаторида қатнашдилар.

Ушбу анжуман дастурига биноан, 2015 йил 17 декабрь куни айнан Тошкент ахборот технологиялари университети учун ажратилиб, анжуман мобайнида “ТАТУ ва Корея олийгоҳларининг ҳамкорлиги ва келажакдаги истиқболлари”, “Ўзбекистон ва Кореянинг АКТ соҳасидаги стратегик ҳамкорлигининг ривожи” ва “Электрон ҳукумати йўналишида Ўзбекистон-Корея муносабатларини янада мустаҳкамлаш” каби бир қатор мавзуларда давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Ушбу анжуманда Америка Қўшма Штатлари, Польша, Непал, Жанубий Африка каби 12 мамлакатдан келган АКТ мутахассислари ТАТУ томонидан тайёрланган тақдимотларни тингладилар. Учрашув мобайнида ТАТУ халқаро алоқалар бўлими бошлиғи А. Раджиев, ТАТУ ҳудудий филиаллари директорлари ҳамда мезбон олийгоҳ профессори Жун Сок Xванг тақдимот қилдилар. Шунингдек, ТАТУнинг икки нафар профессори онлайн тизим орқали “Ахборот коммуникация технологияларининг таълимдаги аҳамияти”га оид мавзуларда тақдимот қилишди.

Қўшимча равишда, ҳозирги кунда шартнома асосида тавсия этилган 2 нафар ТАТУ талабаси SNU ITPP дастури бўйича олиб бораётган илмий ишлари бўйича тақдимот қилдилар.Маълумки, ITPP дастури 2005 йилда Сеул миллий университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар Ўзбекистоннинг АКТ ҳамда электрон ҳукумати соҳаси учун етакчи мутахассисларни етказиб бермоқда. Ҳусусан, Нурилла Маҳаматов ушбу дастур ёрдамида 2008 йили PhD даражасини қўлга киритиб, ҳозирги кунда Инҳа университетининг Тошкентдаги филиалида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Элёр Рахманов 2011 йилда ITPP дастури орқали PhD даражасини қўлга киритиб, ҳозирда электрон ҳукуматни ривожлантириш марказида директор ўринбосари лавозимида, Ҳуршид Султонов эса Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг ўқув жараёнига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Анжуманнинг якуний қисми, 2015 йил 21 декабрь куни Сеул миллий университетининг тантаналар залида бўлиб ўтди. Ушбу кун Сеул миллий университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ўртасидаги ҳамкорликнинг 10 йиллигига бағишланди.

Маросим давомида SNU профессори Жун Сок Xванг ҳамда ТАТУ халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Аюбхон Раджиев икки олийгоҳ ўртасидаги ҳамкорликни келажакдаги истиқболлари тўғрисида тақдимот қилдилар.
Аюбхон Раджиев, ТАТУ Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи