Фан-техника | 00:15 / 29.12.2015
10002
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда яратилган “саккизинчи iPhone” сотилди

2014 йилда iPhone 8 смартфонининг ўзининг концептини тақдим қилган Steel Drake тахаллусига эга қирғизистонлик дизайнер ўзининг ишланмасини номаълум АҚШ-Хитой компаниясига сотди. Бу ҳақда K-News нашри хабар бермоқда.

Дизайнернинг айтишича, унга концептни сотиш бўйича кўплаб таклифлар билдирилган, бироқ харидорлар таклиф қилган пуллар “арзирли” бўлмаган. Бироқ бир неча ой ўтиб таклифи дизайнерни қаноатлантирган харидор пайдо бўлди ва смартфонни сотиш бўйича битим амалга ошди.

Таъкидланишича, дизайн Steel Drake’дан 2015 йил баҳорида сотиб олинган, бироқ дизайнерга харидор билан тузилган битимнинг тафсилотларини яқун кунларгача ошкор этишга рухсат берилмаган. Маълум қилинишича, телефон бошқа компаниянинг бренди остида ва бошқа ном билан чиқарилади.

Дизайнерни “айфон”нинг нусхасини яратишига iPhone 6’нинг ташқи қиёфаси унга ёқмагани туртки бўлган.

Дизайнернинг айтишича, у телефонни ҳеч қандай чизиқларсиз яратишга, компания ҳозир тарғиб қилаётган жилосиз стандартдан фойдаланмасликка ҳамда айфонга ялтироқ сиртни қайтаришга ҳаракат қилган.

Steel Drake’нинг таъкидлашича, у яратган концепт негизида ишлаб чиқариладиган смартфон iPhone ва Samsung Galaxy’нинг флагман версияларидан арзон бўлмайди.