Жамият | 19:45 / 19.01.2016
10237
2 дақиқада ўқилади

Интернет фойдаланувчилари фарзандларига ароқ ичирган отани қамашни таклиф қилишди

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари YouTube порталига жойлаштирилган видеодаги ҳолатни кескин танқидларга кўмган ҳолда муҳокама қилишмоқда.

Бу видеода қозоғистонлик ота ўзининг кичик ёшдаги болаларига ароқ қуйиб бераётгани ва ўзи ҳам ундан истеъмол қилаётгани акс этган.

Фейсбук фойдаланувчилари томонидан отанинг бу хатти-ҳаракати қаттиқ танқид остига олинди.

Видеотасвирда ота фарзандларга зўрлаб эмас, шунчаки эрмак тарзида, уларнинг хоҳиши билан ароқ қуйиб бераётганини кўриш мумкин.

16 январь куни тармоққа жойланган мазкур видео 3 кун ичида фейсбукда 112 минг марта кўрилган.

Мазкур видеони тармоққа жойлаган одам бунга қуйидагича изоҳ берган:

“Бу Қозоғистон. Агар бу жиноий жавобгарлик бўлса, бу ота-оналарга ҳеч нарса энди ёрдам бера олмайди, аммо болаларни ҳали қутқариш мумкин”.

Бошқа фойдаланувчилар эса Қозоғистон жиноят кодекси моддаларини келтириб ўтиб, бу ишнинг жиноятдан бошқа нарса эмаслигини айтиб ўтишган.

"Даракчи" сайти юқорида келтирилган фикрларга аниқлик киритиш учун Қозоғистон Республикаси меъёрий ҳужжатлари билан ҳам танишиб чиққан:

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 152-моддасига биноан вояга етмаган болаларни наркотик ёки спиртли ичимликлар ичишга жалб қилиш 180-200 соат жамоат ишига жалб қилиш, 1 дан 2 йилгача ахлоқни тузатиш ишлари, олти ойгача ҳибсга олиш, ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо қўлланилади.