Жаҳон | 10:38 / 26.01.2016
3629
3 дақиқада ўқилади

Microsoft планшетлари американча футбол жамоасига ўйин вақтида панд берди

24 январда АҚШ Миллий футбол лигаси доирасида New England Patriots ва Denver Broncos жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув нафақат майдондаги ёрқин лаҳзалар, балки Surface планшетлари билан боғлиқ кўнгилсизлик билан ҳам эсда қолди.

Patriots жамоаси ўйинчилари фойдаланган Microsoft компаниясининг бу планшетлари вақтинчалик ишдан чиқиб қолди ва футболчиларнинг аччиғини келтирди. Бу ҳақда The Verge нашри хабар бермоқда.

Планшетлар шифрланган тармоққа уланган бўлиб, фақатгина битта дастурни ишга тушириши мумкин. Бу дастур орқали футболчилар реал вақтда мураббийдан рақибнинг ўйин тактикаси ҳақида маълумот оладилар.

Бироқ Microsoft’нинг қурилмалари учрашув пайтида ишламай қолди. Носозликлар 20 дақиқага яқин давом этди ҳамда футболчиларда салбий ҳолатни келтириб чиқарди.

Бу орада рақиб жамоа Broncos’нинг худди шундай планшетлари ишлашда давом этган ва жамоа футболчилари ҳеч андиша қилмай бундай имкониятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишди.

Microsoft вакилларининг айтишича, бу кўнгилсизликда уларнинг қурилмаларининг айби бўлмаган.

“Бизнинг майдондаги жамоа носозлик планшетлар билан эмас, балки тармоққа уланиш билан боғлиқ бўлганини аниқлашди. Биз ушбу хизматни тақдим қилувчи ҳамкорларимиз билан бу муаммони ҳал қилиш бўйича иш олиб бормоқдамиз”, деб айтдилар компания вакиллари.

Patriots планшетларнинг ишдан чиқиб қолишига қадар 6-14 ҳисобида ютқазаётгани боис, жамоа ўйинчилари барча аламларини планшетларга сочишди. Мисол учун, футболчилардан бири қурилма “доимо ишламаслигидан” шикоят қилди.

Ушбу ҳодиса Microsoft номига кўплаб танбеҳлар билдирилишига сабаб бўлди. Компанияга учрашувлар пайтидаги кўп сондаги реклама роликлари ва доимо бемаврид ўрнатила бошланадиган Windows’нинг янгиланмалари ҳақида эслатиб қўйишди.

Шунингдек, ушбу носозликни рақиб жамоа ахборот технологиялари мутахассислари уюштирган деган ҳазиломуз фикрлар ҳам билдирилди.

Футболчилар ушбу носозликдан кейин планшетларни “айпадлар” деб аташни бас қилишганига ҳам эътибор қаратилди. Аввал ўйинчилар ва шарҳловчилар Microsoft‘нинг рақобатчиси брендини эслатган ҳолда планшетларни шундай аташарди.

Techradar порталининг таъкидлашича, турли омадсизликлар тақиб қилаётган Microsoft‘нинг бу реклама тадбири унга 400 млн долларга тушган.

Microsoft ва АҚШ миллий футбол лигаси NFL ўртасидаги ҳамкорлик дастури 2014 йилнинг охирида бошланган. 2015 йилда тармоқлар фойдаланувчиларида футболчилар Surface планшетларига ғазабланаётганлари тасвирланган анчагина гиф тасвирлар йиғилиб қолган.