Жамият | 21:02 / 01.02.2016
27529
5 дақиқада ўқилади

Машҳурлар ҳаётидан: Леонид Гайдай ва Шурик битта одамми?

“Илтимос, секинроқ гапирсангиз, ёзиб олай”, “Қисқароқ қилинг. Склифосовский”, “Ишламаган тишлайди. Ўрган, студент!”, “Имтиҳон мен учун ҳамиша байрам”. Мазкур жумлалар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган. Леонид Гайдай фильмлари ижодий топилмаларга шу қадар бойки, қанча томоша қилсанг, янгилик топаверасан. Бугунги мақоламизда даҳо режиссёр ҳаёти ва ижодига назар ташлаймиз.

Гайдай ёшлик пайтида уй қурилишида қатнашган, вақти келиб талаба бўлган, уруш вақтида душманларни асирга олган. Таниш манзаралар, шундайми? “Ы операцияси” фильмининг уччала қисми ҳам Гайдай ҳаётига жуда яқин. Лавҳаларнинг баъзиларини у ўз ҳаётидан олган. Масалан, “Шериклар” новелласида таъзирини еган Федя ҳамма ишга “Мен” деб жавоб қайтарган саҳна. Уруш вақтида Гайдай фронтга роса ошиққан. Ҳарбий комиссар қисмга келиб, аскарларни урушга олиб кетиш учун суҳбат уюштиради:
- Кавалерияга!
- Мен!
- Артиллерияга!
- Мен!
- Пиёда қўшинларга!
- Мен!

Комиссар Гайдайга юзланади: “Сабр қилсангиз-чи! Рўйхатни охиригача ўқиб олай!” Гайдай ҳаётидаги бу ҳодиса кейинчалик фильмга киритилади ва миллионлаб одамлар хотирасига муҳрланади.

“Бриллиант қўл” комедиясидаги Горбунковнинг сирғалиб йиқилиши саҳнаси эсингиздадир? Аввалига бу лавҳа учун ўша пайтларда жуда ноёб бўлган банан мевасини сотиб олишади. Лекин лавҳа ўхшамай қолади. Иложсиз қолган ижодий гуруҳ биз билган лавҳани тарвуз ёрдамида амалга оширишганини фильм орқали яхши биласиз.

“Шериклар” фильмида икки сафар ҳам “Наряднинг ҳаммасини ўқиб кўрингчи” - дейдиган пиёниста ролини Гайдайнинг ўзи ўйнаган. Бундан ташқари “Кавказ асираси” комедиясидаги Никулиннинг оёқ қашлаш саҳнасида чойшаб тагида Гайдай бор бўлган дейишади. Баъзилар эса буни лилипут амалга оширган дейди.

Режиссёрнинг рафиқаси - Нина Гребешкова ҳам кинодан узоқ эмасди. У машҳур комик актриса бўлиб, “Бриллиант қўл” фильмида Горбунковнинг турмуш ўртоғи ролини гавдалантирган. Айнан Нинанинг айтишича, Гайдай Шурик образида ўзини тасвирлаган!
Гайдай “Бриллиант қўл” фильмининг якунига ядро бомбасининг портлаш саҳнасини жойлаштиради. Комиссия бу лавҳани олиб ташланишини талаб қилади. Режиссёр бунга рози бўлади. Лекин комиссия бунинг эвазига Гайдайнинг талабини бажаришга мажбур эди: Фильмнинг бошқа ҳеч бир лавҳасига тегинилмайди! Гайдай ўз филмини шу айёрлик орқали таҳдидлардан сақлаб қолган.

Леонид Гайдай машҳур шоир Михаил Светлов ижодининг ихлосманди эди. Ўз фильмларида унинг шеърларидан умуман фойдаланмаган. Лекин барибир унга бўлган ихлосини кино тарихига муҳрлаган. “Бриллиант қўл” фильмидаги теплоход номи Гайдайнинг хоҳиши билан “Михаил Светлов” деб қўйилган.

“Бриллиант қўл” комедиясидаги балиқ овлаш саҳнаси кинотанқидчиларга у қадар маъқул келмаган ва бу саҳнани қисқартиришни сўрашган. Гайдай эса яна бир бор ўз топағонлигини намойиш қилган. Доимо ҳамкорлик қилувчи бастакори Зацепинга мурожаат қилиб, тез оҳангли мусиқа ёзиш кераклигини уқтиради. Бу мусиқани балиқ овлаш саҳнасига жойлаштиришади. Қизиғи, тезкор оҳангли мусиқа қўшилган лавҳани қайтадан томоша қилган танқидчилар ўз талаблари бажарилганидан боши осмонга етади…

Леонид Гайдай ижод намуналарининг инглиз тилидаги номланиши ҳам қизиқ. “Кавказ асираси” филмини Kidnapping, Caucasian style (“Kavkazcha usulda odam o`g`irlash”) деб таржима қилишган. “Иван Василевич ўз касбини ўзгартиради” кинокомедиясининг муқобил номи эса бошқа бир машҳур фильм номи билан ҳамоҳанг: Back tо Future (“Келажакка қайтиб”).

Ҳозиргача севиб куйланувчи “Айиқлар ҳақида қўшиқ” таронаси даставвал Гайдайнинг танқидига учраган. “Воқеалар ёзда содир бўлаётган бўлса, аёзга нима бор, ахир?! Бундай қўшиқни халқ куйламаслиги аниқ”. Вақти келиб Гайдай янглишганини тан олган дейишади.

“9-рота” фильмини ҳам томоша қилгансиз. Совет аскари афғон қишлоғига келганда эшакка дуч келади. Бу эшак Гайдайнинг “Кавказ асираси” да суратга тушган, Шурикнинг саргузаштларига ҳамроҳлик қилган ўша машҳур жониворнинг ўзи эди!
“Яшаш, мен сизларга айтсам, яхши. Яхши яшаш яна ҳам яхши. Яшанг”, азиз ўқувчи! Омон бўлинг!!!

Интернет маълумотлари асосида Баҳодир Аноров тайёрлади.