Спорт | 08:52 / 03.02.2016
3303
2 дақиқада ўқилади

Мануэль Пеллегрини: Чемпионлик учун курашни давом эттирамиз ва «Лестер»га қарши ўйинга тайёрланамиз

«Манчестер Сити» жамоаси бош мураббийи Мануэль Пеллегрини Англия чемпионатининг 24 турида «Сандерленд» устидан қозонилган 1:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

"Ўйин биз кутганимиздек осон ўтмади. Биз аутсайдер жамоалардан биридан қийинчилик билан 3 очко олдик. Лекин турнирни тарк этиш хавфи остидаги барча жамоалар жонини жабборга бериб ўйнашади. «Сандерленд» футболчилари ҳам бугунги ўйинда худди финалда ўйнаётгандек кураш олиб боришди.

Биз бугун яхши ҳимояландик. Олдинги чизиқлардаги бир қанча футболчилар ҳимояга ёрдам бериб туришди. Албатта, бу бунақаси кўп марта содир бўлмайдиган ҳолат. Биз ҳужум қилишга ва голлар уришга одатланганмиз.

Биз кейинги 7 кун давомидаги учинчи ўйинда майдонга тушдик. Футболчилар толиққан ва баъзилар жароҳатланган. Шу туфайли диққатни йўқотмаган ҳолда ҳимоявий тактикада ҳаракат қилдик. Бугун Харт бир неча марта жамоани қутқатиб қолди. У аъло савиядаги дарвозабон ва у ҳар бир ўйинда ўзининг жамоада қанчалик муҳим ўрин эгаллашини кўрсатиб туради.

Шанба куни турнир жадвалидаги пешқадам жамоа «Лестер» билан ўйнаймиз. Айни вақтда мавсум чемпионлиги учун асосий рақибимиз бўлиб турган бу жамоага қарши ўйинга қаттиқ тайёрланамиз.

Мен ҳамиша мухлисларнинг ёрдамига таяниб ишлаганман. Бугун ҳам уларнинг қўллаб-қувватлашини эшитганимдан хурсандман", дейди мураббий.