Спорт | 10:37 / 16.02.2016
4470
2 дақиқада ўқилади

Михаил Шумахернинг фаолиятига бағишланган кўргазма очилди

Германиянинг Марбург шаҳрида "Формула-1"нинг таниқли автопойгачиси, 2 йил олдин оғир жароҳат туфайли фаолиятини тўхтатган ва шу вақтгача даволанаётган Михаил Шумахернинг фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди. SBS нашрида хабар қилинишича, спортчининг рафиқаси ва болалари томонидан очилган бу кўргазмада Шумахернинг болидлари, шахсий буюмлари намойиш этилади. Кўргазма фаолияти 2 йил давом этиши мўлжалланган.

15 февраль куни очилган кўргазманинг илк кунида 200 киши ташриф буюрган. Улар орасида пойгачининг рафиқаси Коринна ва унинг икки фарзанди бор.

"Албатта бугун ёнимизда Михаил етишмаяпти. Афсуски бу вазиятни ўзгартира олмаймиз. Қилишимиз мумкин бўлган иш - унинг қайтишига умид қилишдир", дейди Шумахернинг ёрдамчиси Сабина Кем.

Шумахер 2013 йил декабрида Франциянинг Мерибел курортида чанғи учиш вақтида йиқилиб, бошидан жиддий жароҳат олганди. У 2014 йил сентябридан бери Швейцариядаги Женева кўли соҳилида жойлашган ўз вилласида даволаниш курсини ўтамоқда, унинг саломатлиги ҳақидаги ижобий хабарлар камдан-кам пайдо бўлмоқда.

Маълумот учун, Михаил Шумахер 1992 йилдан 2006 йилгача ва 2010 йилдан 2012 йилгача "Қироллик пойгалари"да "Бенеттон", "Феррари" ва "Мерседес" жамоалари сафида иштирок этган. У илк марта 1993 йилда (иккинчи марта 1994 йилда) "Бенеттон" билан илк ютуғини қўлга киритган. "Феррари" сафида эса у 2000 йилдан 2004 йилгача кетма-кет 5 марта шахсий ҳисоб бўйича ғолибликка эришганди.