Жамият | 17:32 / 17.02.2016
6211
2 дақиқада ўқилади

Мексикалик мухлис Рим папаси Францискни ғазаблантирди

Мексикага сафари вақтида Рим папаси Франциск ўзининг безори мухлисидан жаҳли чиқди. Бу ҳақда The Daily Telegraph нашри хабар тарқатган.

Воқеа Морелия шаҳридаги стадионда понтификка атаб ўтказилаётган байрамона учрашув вақтида содир бўлди. Ёш раққоса ва қўшиқчилар иштирокидаги маросимдан сўнг папа диндорларни табриклашга қарор қилди. Оломонга яқинлашганида йиғилганлар орасидан кимдир унинг кийимидан ушлаб олди. Номаълум киши Франциск мувозанатни йўқотиб, ногиронлар аравачасида ўтирган бола устига йиқилиб тушганида ҳам уни қўйиб юбормади.

Қўриқчилар понтификни йиқилиб тушишдан асраб қолишди. Қаддини кўтариб олгач, Франциск ўзини йиқитиб юборай деган одамга жаҳл билан қаради ва испан тилида “Эгоист бўлма” деди.

Рим папаси ўзининг халққа яқинлигини кўрсатмоқда. У ҳатто машҳур ўқ ўтмас папамобилининг ўрнига юқори қисми очиқ машинани танлади.

Эслатиб ўтамиз, Папа Франциск Мексикага беш кунлик ташрифни амалга оширмоқда. Унинг Топо Чико қамоқхонасига бориши кутилмоқда. Бу ерда бир неча кун муқаддам 50 кишини ҳаётдан олиб кетган қўзғолон юз бериб ўтганди. Шунингдек, папа АҚШга кириш истагида бўлган муҳожирларнинг оғир аҳволини ўз кўзлари билан кўриш учун Америка-Мексика чегарасига ҳам ташриф буюради.

Мазкур режа АҚШ президентлигига номзод бўлган Дональд Трамп томонидан танқид остига олинган. Унинг сўзларига кўра, понтифик мазкур ҳолатда Вашингтонга таъсир ўтказиш ва америкаликларни Лотин Америкаси мамлакатлари аҳолиси учун чегарани очиқ қўйиб қўйишга мажбур қилмоқчи бўлган Мексика ҳукумати манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилмоқда.

Time: Трамп Рим папасини танқид қилди