Иқтисодиёт | 12:11 / 19.02.2016
4788
2 дақиқада ўқилади

"Агробанк" ўзининг акцияларини хорижий инвесторларга сотмоқчи

"Агробанк" акциядорлик тижорат банки 2016 йилда банкнинг акциядорлик капиталида давлат улушини қисқартириб, ўзининг камида 15 фоиз акциясини хорижий инвесторларга сотмоқчи. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Бу режага кўра, банк устав капиталининг камида 15 фоизини сотиш жараёни жорий йилнинг 1 июлигача якунланади.

Айни вақтда "Агробанк" бутун Ўзбекистон бўйлаб 183 та филиалга эга ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламдаги банк хизматларини таклиф қилувчи энг йирик банк ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигидаги кўплаб иқтисодий ислоҳотлар банкнинг фаол иштирокида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти 2015 йил 21 декабрда "Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди.

Қарорга кўра, хорижий инвесторларнинг акциядорлик жамиятларидаги улуши камида 15 фоизни ташкил қилиши керак.

Қарорда устав капиталида хорижий инвесторларнинг 15 фоиздан кам бўлмаган миқдорда улуши бўлмаган акциядорлик жамиятлари 2016 йилнинг 1 июлигача бу талабнинг бажарилишини таъминлаши керак.

Ишлаб чиқариш ва стратегик аҳамиятдаги хом аёшини бирламчи қайта ишлаш соҳаларида фаолият юритувчи жамиятлар ҳамда табиий монополиялар субъектлари ва тартибга солинувчи нархларда ижтимоий аҳамиятли маҳсулотлар ва хизматларни етказиб берувчилар бундан мустасно қилинган.

Белгиланган муддатда талабларни бажармаган акциядорлик жамиятлари бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади ва акциядорлик жамиятлари реестридан чиқарилади ҳамда солиқ имтиёзлари ва преференциялардан маҳрум этилади.

Бундан ташқари, маҳаллий корхоналарга ўз маблағларини инвестиция қилган хорижий инвесторларга солиқ имтиёзлари тақдим қилиш кўзда тутилган, бу имтиёз акциядорлик капиталининг 15 фоиздан 33 фоизгачасини ташкил қилиши мумкин.

Бу солиқ имтиёзлари даромад солиғи, мулкка солиқ, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ва ривожлантириш учун олинадиган солиқ, ягона ижтимоий солиқ, жумладан Республика йўл жамғармасига ундириладиган солиқларни ўз ичига олади.