Спорт | 18:24 / 19.02.2016
9403
3 дақиқада ўқилади

Футзал бўйича Ўзбекистон термаси Осиё чемпионати финалига чиқди

Футзал бўйича Тошкент шаҳри мезбонлик қилаётган Осиё чемпионатида ярим финалнинг биринчи ўйини Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалари ўртасида ўтказилди.

Учрашув соат 16:00да, "Ўзбекистон" спорт мажмуаси залида бошланди. Биринчи бўлимда мухлислар гол кўришмади. Иккинчи бўлим бошида Артур Юнусов бурчакдан гол уриб ҳисобни очди - 1:0. Кейинги дақиқада Жетсада Чудеч ҳимоядаги хатодан сўнг гол урди - 1:1.

Ўйиннинг асосий вақтида дуранг натижа қайд этилди ва қўшимча таймлар белгиланди. Қўшимча тайм аввалида таиландликлар вакили Апиват Чаемчареон жамоасини олдинга олиб чиқди - 1:2.

Ўйин якунланишига бир неча дақиқа вақт қолганида ўзбекистонликлар мураббийи таваккалга қўл уриб, дарвозабон ўрнига бешинчи футзалчини майдонга ташлади. Бунинг самараси ўлароқ, 48-дақиқада Артур Юнусов гол уриб ҳисобни тенглаштирди - 2:2.

Қўшимча вақтларда ҳам 2:2 ҳисоби қайд этилгач, пенальтилар серияси бошланди. Омад лотереясида биринчи зарбалар аниқ амалга оширилди 1:1. Ўзбекистондан Фахриддинов, таиландликлардан Супхавут зарбада аниқ ҳаракат қилди. Ўзбекистонликларнинг иккинчи вакили Ирсалиев ҳам аниқ зарба бериб, жамоани олдинга бошлади, таиландликларнинг иккинчи зарбасини эса терманинг иккинчи дарвозабони бўлмиш Клим Тюгаев қайтариб қолди. Шундан сўнг нуқтага яқинлашган Свиридов аниқ зарба билан Ўзбекистон термасини финалга олиб чиқди.

Ярим финалнинг иккинчи ўйини Эрон ва Вьетнам термалари ўртасида бир неча дақиқалардан кейин бошланади.

Ўзбекистон - Таиланд 2:2 (3:1 пенальтилар серияси)
Голлар: Артур Юнусов 23, 48 - Жетсада Чудеч 24, Апиват Чаемчареон 41,
Пенальтилар серияси: Фахриддинов, Ирсалиев, Свридов - Жирават (дарвозабон), Супхавут
Ўзбекистон: 1.Рустам Умаров, 7.Дилшод Рахматов, 8.Фарҳод Абдумавлонов, 11.Артур Юнусов, 14.Константин Свиридов.
Захира: 2.Дилшод Ирсалиев, 3.Нодир Элибоев, 4.Феруз Фаҳриддинов, 5.Даврон Чориев, 6.Жавлон Аноров, 9.Андрей Шлема, 10.Жамолиддин Шарипов, 12.Акмал Хазратқулов, 13.Клим Тюгаев.

Таиланд: 12. Канисон Пхупун, 6. Жирават Сорнвичиан, 7. Апиват Чаемчареон, 8. Жетсада Чудеч, 9. Супхавут Туенкланг.
Захира: 1. Чалеамсри Пуангсри, 2. Виват Таижаруен, 3. Конгла Лакка, 4. Ампол Срирагев, 5. Пуняпон Пумвисет, 10. Наттавут Мадялан, 11. Ванлоп Пансомсуаи, 13. Чаивит Жамгражанг.
Огоҳлантиришлар: Жетсада Чудеч 30, Дилшод Ирсалиев 42.