Жамият | 11:53 / 21.02.2016
4760
2 дақиқада ўқилади

Ветеринар беҳол итни қўллаб-қувватлаш учун у билан бирга унинг қафасида овқатланди

Баъзи шифокорлар ўз беморларининг соғлиғи учун ўзларини фидо қилишга ҳам тайёрлар. АҚШнинг Жоржия штатидаги Элбертон шаҳридаги Granite Hills Animal Care ветеринария шифохонаси ветеринари Энди Мэтис ҳам шундай фидойи шифокорлардан бўлиб чиқди.

Январь охирида унга йўлда топиб олинган дайди итни топширишди. Грэйси лақабини олган ит топилган пайтда ташналик ва очликдан жуда ориқлаб кетган, касал ҳолда эди.

Дастлаб итнинг азобларига чек қўйиш учун уни ухлатиш орқали ҳаётига чек қўйишмоқчи бўлишди, бироқ Мэтис итни даволай олишида қатъий туриб олди. Бир ой ичида у итни том маънода яна ҳаётга қайтара олди.

Бироқ шунга қарамай ит овқатланишни рад этаётгани сабабли вазн йиға олмаётган эди. Шунда ветеринар агар у ит билан бирга овқатланса, ит ўзини яхши ҳис қилади, деган фикрга келди. Ва ит билан бирга унинг қафасида овқатлана бошлади.

13 февралда шифохонанинг Facebook’даги саҳифасида чоп этилган видеода бундай тушликлардан бири тасвирланган. Видеода дастлаб ит идишдаги овқатга ҳатто тегинмаётгани, кейинроқ шифокорга шерикчилик учунгина тановул қилаётгани тасвирланган. Бу орада Мэтис итга далда бериш учун уни силаб қўймоқда.

Бу видео бир ҳафта ичида жуда оммалашиб кетди ва 5 млн дан кўпроқ намойиш йиғди. Видеога қолдирилган изоҳларда одамлар Мэтиснинг раҳмдиллиги ва профессионаллигига таҳсинлар айтишди. Бундан ташқари, итни шифохонадан олишга тайёрлар ҳам топилди.

 
When you have no pancakes for breakfast. . . .

 

Опубликовано Granite Hills Animal Care 13 февраля 2016 г.