Жаҳон | 23:54 / 23.02.2016
12424
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: Обама Япония бош вазиридан Россияга бормасликни сўраган

АҚШ президенти Барак Обама февраль бошида телефон орқали суҳбатда Япония бош вазири Синдзо Абэдан Россияга бормасликни сўраган. Бу ҳақда Киодо ахборот агентлиги маълум қилмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, "Обама айни вақтда сафар учун мос вақт эмаслигини айтган". "АҚШ етакчиси бунинг сабаби сифатида Москва ва
Вашингтоннинг Украина ва Сурия бўйича фикрларининг турличалигини келтирган. Абэ бу илтимосга изоҳ бермаган", дейилмоқда агентликда. Бу суҳбат 9 февралда бўлиб ўтган. Япония ҳукумати маълумотларига кўра, томонлар Шимолий Корея йўлдошли ракета-ташувчи учиргандан кейин ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришни муҳокама қилганлар.

Аввалроқ Япониянинг "Ниппон" радиоси эфирида Абэ Россия президенти Владимир Путин билан ҳудудий масалани якуний ҳал қилиш учун суҳбатни давом эттирмоқчилигини айтган. "70 йилдан кейин бизнинг давлатларимиз орасида ҳанузгача ҳудудий муаммо мавжуд. Бундан ташқари, тинчлик келишуви имзоланмаган. Бу нормал ҳолат эмас", деб айтганди Абэ.