Ўзбекистон | 12:37 / 29.02.2016
22800
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартибига ўзгартиш киритилди

2016 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Бу ҳақда xushnudbek.uz cайти хабар берган.

Фармонга кўра, 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500-сонли Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди.

Киритилган ўзгартириш мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби” номли 4-бўлими янгидан таҳрирланди.

Янги таҳрир натижасида қуйидаги асосий ўзгартиришлар киритилди:

1. Энг аввало айрим атамалар замонавий қонунчилик техникасига мослаштирилди. Масалан, “ажнабий давлат” атамаси “чет давлат”га, “юстиция органлари” атамаси “адлия органлари” атамасига ўзгартирилди.

2. Аввалроқ 2015 йил 10 август куни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилгани, унга кўра, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Низомга киритилган ўзгартиришга кўра, юқоридаги ҳолатлар содир этилганда, фуқароликни йўқотиш қандай тартибда расмийлаштириш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, қуйидаги асослар бўлганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин:

- шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;

- агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
 - агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса;
- агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.