Ўзбекистон | 19:20 / 07.03.2016
5943
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда двигателлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхонага 3,5 млн доллар инвестиция қилинади

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Франциянинг Alstom компанияси Ўзбекистонда электр асинхрон двигателлар ишлаб чиқарувчи корхонага 3,5 млн доллар сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари"даги манбага асосланган ҳолда Sputnik ахборот агентлиги хабар берган.

2017 йилгача ишлаб чиқаришнинг лойиҳавий қуввати йилига 200 минг дона двигателдан кўпроқни ташкил қилиши кўзда тутилган. Янги корхона турли ҳаракатланувчи таркиб, жумладан электр ва дизель локомотивлари ҳамда шаҳар атрофида ҳаракатланувчи ва дизель поездлари учун двигателлар ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

Alstom мутахассислари транспорт тармоғидаги тажриба ва янги технологиялар билан бўлишишга тайёрлиги билдирилган. Бу лойиҳа французлар томонидан Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришдаги биринчи қадам сифатида қаралмоқда.

Манбанинг айтишича, двигателларда МДҲ давлатлари бозорида ҳали тақдим қилинмаган технологиядан фойдаланилади. Бу эса хизмат кўрсатишни арзонлаштиради, ишлаб чиқариш циклини соддалаштиради ва ҳаракатланувчи таркибнинг энергия самарадорлигини оширади.

Alstom машинасозлик компанияси энергетик қурилмалар ва темир йўл транспорти ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компания энергия ишлаб чиқарувчи қурилмалар, темир йўл локомотивлари, TGV ва AGV сериясидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поездлар, трамвайлар, саноат ишлаб чиқариши учун электрофильтрлар ишлаб чиқаради. Аввал ўз таркибида кемасозлик бўлимига эга бўлган, бу бўлим 2006 йилда сотиб юборилган. Компания томонидан "Нормандия", Queen Mary 2 круиз лайнерлари, "Мистраль" универсал десант кемалари қурилган.