Спорт | 21:01 / 08.03.2016
10092
1 дақиқада ўқилади

"Лестер" мухлислари жамоалари голини нишонлаш пайтида 0,3 магнитудали зилзила келтириб чиқаришди

Лестердаги университетнинг геология факультети талабалари Англия чемпионати 27-турида "Норвич"га қарши учрашувда "Лестер" жамоаси мухлислари томонидан келтириб чиқарилган кучсиз зилзилани қайд қилишди. Учрашув "Лестер"нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Учрашувнинг 89-дақиқасида "Лестер" ҳужумчиси Леонардо Ульоа ғалаба тўпини киритди. "Лестер" мухлислари бу голни нишонлаётиб 0,3 магнитудали зилзила келтириб чиқаришди. Бу зилзила сейсмик асбоблар ёрдамида қайд этилди.

Ўша куни "Лестер" тўпурари Жейми Варди гол урмаган бўлса-да, бу ҳодиса унинг шарафига "Вардиқимирлаш" деб номланди.

Биринчи босқич талабаси Ричард Хойл буёғига ҳам "Лестер" учрашувлари пайтидаги ер қимирлашлар магнитудасини қайд қилиб боришни ва қайси бир ўйинчининг голи кучлироқ "зилзила келтириб чиқаришини" аниқлашини айтди.

Магнитудаси 1-2 балли зилзилалар баъзи одамлар ва ҳайвонлар томонидан ҳис қилинади.