Спорт | 09:27 / 17.03.2016
1623
3 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ. «Бавария» қўшимча бўлимларда «Ювентус»ни енгиб, чорак финалга чиқди

Европа чемпионлар лигасида чорак финалга чиққан барча жамоа номи аниқ бўлди.

Нимчорак финал жуфтликларининг тўртинчиси «Бавария» ва «Ювентус» жамоалари ўртасида ўтказилди.

Туринда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда мезбонлар 2та тўп фарқи билан ортда бораётган ҳолда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишганди. Жавоб ўйинида эса аввалига туринликлар ўйиннинг биринчи бўлимида 2:0 ҳисобида олдинга ўтиб олишди.

Учрашувнинг 5-дақиқасидаёқ Поль Погба Нойернинг хатосидан кейин дарвозани ишғол қилиб, «Ювентус»ни фаворитга айлантириб қўйди.

28-дақиқада эса туринликлар қарши ҳужум ташкил қилишди. Мората ўз жарима майдончаси олдида тўпни эгаллаб олдинга ўтди ва бир неча футболчини алдаб, рақиб жарима майдончаси олдида Куадрадога тўпни узатди. Колумбиялик футболчи эса совуққонлик бир ҳимоячини алдади ва дарвозани ишғол қилди.

Шундан сўнг, Массимиллиано Аллегри шогирдлари тўлиқ ҳимоявий ўйин кўрсатишга ўтишди. Лекин «Бавария» ўйиннинг асосий вақти тугашига 17 дақиқа қолганида ҳисобни қисқартирди. 73 дақиқада Левандовски Коста узатган пасдан кейин бош билан ҳисобни қисқартирди. Қўшиб берилган дақиқаларнинг дастлабкисида эса Мюллер бош билан мувозанатни тиклади. Натижада ўйин ҳаками ҳакам жамоаларни қўшимча бўлимларга таклиф қилди.

Қўшимча бўлимларнинг дастлабкисида ҳисоб ўзгармади. Яна 15 дақиқа давомида дарвозаларга тўп киритилмаса, пенальтилар тепилиши мумкин эди. Аммо тўртинчи бўлим бошланиши билан «Бавария» ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди. Дастлаб захирадан майдонга тушган Тиаго Алкантара чиройли комбинацияни самарали якунлаган бўлса, орадан 2 дақиқа ўтиб, Коман ҳисобни 4:2 кўринишига етказди.

Шу тариқа, шиддатли кечган тўқнашувда «Бавария» чорак финалга йўл оладиган бўлди.

ЕЧЛ, Нимчорак финал, жавоб ўйини
Бавария (Германия) – Ювентус (Италия) 4:2. Асосий вақт — 2:2. Қўшимча бўлимлар - 2:0
Голлар: 0:1 – 5 Погба, 0:2 – 28 Куадрадо, 1:2 – 73 Левандовски, 2:2 – 90 Мюллер, 3:2 – 108 Алькантара, 4:2 – 110 Коман.
Бавария – Нойер, Лам, Бенатия (Бернат, 46), Алаба, Дуглас Коста, Хаби Алонсо (Коман, 60), Видаль, Киммих, Рибери (Алькантара, 101), Левандовски, Мюллер.
Ювентус – Буффон, Бардзальи, Бонуччи, Эвра, Алекс Сандро, Погба, Хедира (Стураро, 68), Эрнанес, Куадрадо (Перейра, 89), Лихтштайнер, Мората (Манжукич, 72).
Огоҳлантиришлар: Хедира (29), Мората (38), Киммих (43), Видаль (48), Лихтштайнер (48), Левандовски (51), Бонуччи (53), Куадрадо (71), Перейра (103), Алькантара (109), Бернат (112), Стураро (112).
Биринчи ўйин – 2:2