Жаҳон | 08:12 / 24.03.2016
2661
2 дақиқада ўқилади

Барак ва Мишель Обама Аргентинага сафар давомида танго рақсини ижро этишди

АҚШ президенти Барак Обама ва унинг рафиқаси Мишель Обама Аргентинага сафар давомида ушбу мамлакат президенти Маурисио Макри томонидан ташкил этилган тушликда тангога рақс тушишди, бироқ улар рақсни бир-бирлари билан эмас, балки алоҳида-алоҳида профессионал раққослар билан ижро этишди.

Бу Обама Макри билан бирга тостлар айтгандан кейин юз берди. Обамага Аргентинага сафари давомида ҳамроҳлик қилаётган америкалик журналистларнинг хабар беришича, рақс президентлар, уларнинг рафиқалари ва меҳмонлар ўтирган столларнинг шундоқ ёнида ижро этилган. Обама ва унинг рафиқаси билан рақс тушган эркак ва аёл дастлаб бирга анъанавий тангони намойиш қилишган. Бу орада Макри Обамага бу рақснинг баъзи жиҳатларидан тушунча берган.

Сўнгра раққоса АҚШ президенти ёнига келиб, у билан рақсга тушишни таклиф қилган. Обама аввал буни рад этишга ҳаракат қилган, бироқ тезда "таслим бўлган". Бу орада эркак раққос Мишель Обама ёнига келиб уни ҳам рақсга таклиф қилган. АҚШнинг биринчи хоними тангони бу рақснинг устаси билан ижро этиш имкониятини қўлдан бой бермасликка қарор қилиб, у ҳам рақсга тушди.

Қолган меҳмонлар эса фаол тарзда бу ҳолатни тасвирга олишга уринганлар.