Жаҳон | 16:21 / 29.03.2016
2051
2 дақиқада ўқилади

Ер остидаги болалар: Олмаота метросидан репортаж

Метродаги қатновлар хавфли бўлиб бораётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, NUR.KZ портали мухбири вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Олмаота метросига ташриф буюрди. Махсус мухбир бош тафтишчи Бахитжан Абдрахманов ҳамроҳлигида метронинг “Москва” номли сўнгги бекатидан локомотив депосигача борган.

Маълум бўлишича, метронинг биринчи ва охирги поезди фақат техник ходимларни ташийди. Улар йўлдаги эҳтимолий нуқсонларни аниқлаш ва тузатиш ишлари билан шуғулланадилар.

Бундан ташқари, метро транспортда содир этиладиган жиноятлардан анча кучли ҳимояланган. Барча бекатлар кузатув камералари билан жиҳозланган. Йўловчиларнинг хавфсизлигини эса, “Транспорт хавфсизлиги хизмати” ходимлари таъминлашади. Шу билан бирга, ҳар бекатда полициянинг қўриқлаш бўлими ходимлари ҳам туришади.

"Хавфли ва тақиқланган буюмларни аниқлаш учун детектор, рентген мосламалари ўрнатилган", деб хабар қилади NUR.KZ.

Метрони электр билан узлуксиз таъминлаш мақсадида иккита бир-биридан мустақил электр линияси тортилган. Ҳар тўққизта бекатни олтита таянч электрстанцияси ток билан таъминлайди. Шунингдек, захирада аккумуляторлар ҳам мавжуд.

Ходимлар иш боши ва охирида махсус тиббий текширувлардан ўтишади. Уларнинг соғлиғи кўздан кечирилади.

"Яқин орада йўловчиларнинг қулайлиги учун барча мобил операторлар билан шартнома имзолаш режалаштирилган. Шундан сўнг, метрода ҳам қўл телефони ва Wi-Fi сигналидан фойдаланиш мумкин бўлади", дейди бош тафтишчи.