Ўзбекистон | 22:20 / 30.03.2016
2031
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокими: Аҳолидан энг катта қарзимиз – йўл таъминоти масаласида

28 март куни Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, баъзи йўналишлардаги трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши билан боғлиқ матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов Жаҳонгирович ҳам иштирок этди.

Ҳокимнинг тан олишича, таъмирталаб ва ҳаракатланиш ноқулай бўлган йўллар талайгина. Амалга оширилиши бошланган бу улкан лойиҳа натижасида йўлларда сезиларли қулайликлар яратилади. Далил сифатида, ҳоким йўллар таъминоти бўйича охирги беш йил ичида сарфланган маблағ миқдоридаги сумма яқин бир йил ичида йўлларни яхшилашга сарфланади.

"Тошкент шаҳрида ҳар йилги режа асосида 30-40та маҳаллани буткул таъмирлаб чиқяпмиз. 2011 йилдан буён “Намунавий маҳалла” дастури йўлга қўйилганда ишни йўлакларни таъмирлашдан бошлаган эдик. Кейин эса сув қувурларини таъмирладик. Мана, 3-4 йилдирки, ҳар бир маҳаллада болалар майдончаларини қуришга бел боғланган. Тошкент аҳолисининг олдидаги энг катта қарзимиз – бу асфальт масаласи. Ўтган йили 32та маҳалла асфальтланган бўлса, бу йил 50та маҳаллани асфальт қилишни режалаштирганмиз. Бу сон йил сайин ошиб бораверади", дейди ҳоким.