Фан-техника | 09:29 / 31.03.2016
3213
2 дақиқада ўқилади

Озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини аниқловчи сканер яратилди

Озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини аниқловчи сканер яратилди. Қурилма нафақат маҳсулот нимадан таркиб топганини аниқлашга, балки унда қандай миқдорда витаминлар борлиги ва уни қандай узоқ вақт сақлаш мумкинлигини аниқлай олади. Шунингдек, янги қурилма исталган нон маҳсулотида глютен (оқсил) миқдорини аниқлашга имкон беради. Бу ҳақда WashingtonPost нашри хабар бермоқда.

Маҳсулот аниқланиши ва унинг кўрсаткичлари таҳлили икки босқичда ўтади. Аввал қурилма олинган маълумотни ўз маълумотлар базасидаги маълумотлар билан таққослайди, сўнгра маҳсулот сиртини унинг ўзига хос жиҳатларини аниқлаш учун ўрганади.

SciO деб номланган янги қурилмани яратишда унинг ихтирочилари озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишда баъзи чеклашларга эга одамларга ёрдам беришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар. Мисол учун, қурилма қанд касаллигига эга одамларга жуда асқотади: қурилма ёрдамида ортиқча ҳаракатларсиз егуликнинг аниқ таркиби, ундаги қанд миқдори ва бошқа моддаларни аниқлаш мумкин.

Сканер шунингдек ресторанда ва уйда тайёрланган таомлар таркибини аниқлай олади.

SciO сканери 249 доллардан сотилмоқда. Унга дастурларни юклаб олиш бепулдир.