Жаҳон | 11:14 / 01.04.2016
7890
4 дақиқада ўқилади

Миллионерлар энг кўп миқдорда чиқиб кетган давлатлар рейтинги тузилди

New World Wealth консалтинг компанияси 2015 йилда миллионерлар ўзи яшаб турган давлатни энг кўп миқдорда тарк этган ва бошқа давлатга энг кўп миқдорда яшаш учун келган давлатлар рўйхатлари келтирилган маъруза чиқарди.

Миллионерлар қаторига бойлиги 1 млн доллар ва ундан кўпроқни ташкил қилганлар киритилган. Маъруза тузилишида инвесторнинг виза олишга сўрови ва кўчмас мулкнинг сотилиши ҳақидаги статистик маълумотлар, миллионер ва экспертлар ўртасидаги сўровномалар ва ОАВ маълумотлари қўлланилди. Шаҳар ва давлатлар келиш ва кетишнинг фоиз нисбати эмас, балки сонли кўрсаткичлари бўйича табақаланди (рақамлар мингларгача яхлитланган).

Миллионерларнинг чиқиб кетиши бўйича 1-ўринни Франция эгаллади. Бир йил ичида мамлакатдан 1 млн доллардан кам бўлмаган давлатга эга 10 минг киши кўчиб кетди. Мамлакатда миллионерлар сони 3 фоизга, яъни 323 минггача камайиб кетган. Антирейтингнинг 2-ўринини Хитой эгалламоқда, бу ердан 9 минг миллионер кўчиб кетган (1 фоиз). Бироқ шу билан бирга Хитой "йўқотаётган" миллионерларидан кўпроқ миллионерлар "етиштирмоқда", мамлакатдаги турмуш даражаси яхшиланиши билан миллионерлар яна ортларига қайтишлари мумкин, дейилмоқда маърузада. 3-ўринни Италия эгалламоқда, бу ердан 6 минг миллионер чиқиб кетган (2 фоиз).

Маъруза муаллифлари Франциядан миллионерлар кетишининг ўсишини мамлакатдаги диний таранглик билан тушунтиришмоқда ва яқин 10 йил ичида бу ҳолат кучаяди. Дин билан боғлиқ салбий таъсирга яқин келажакда Бельгия, Германия, Швеция ва Буюк Британия ҳам дуч келиши мумкин.

2015 йилда миллионерлар сони кўпаётган давлатлар орасида етакчи ўринни Австралия эгаллади. 2015 йилда мамлакатга 8 минг миллионер келган (3 фоиз), уларнинг умумий сони эса 290 мингга етган. 2-ўринда АҚШ бормоқда, бу ерга 7 минг миллионер келган. Муаллифлар АҚШда 4,18 млн миллионер борлигини ҳисоблаб чиқишди, шунинг учун фоиз ҳисобида бу кўрсаткич деярли нолга яқин бўлди. 3-ўринни Канада эгалламоқда, бу ерга 5 минг миллионер келган (2 фоиз ўсиш, 292 минг киши).

Миллионерлар чиқиб кетган шаҳарлар орасида 1-ўринни Париж эгаллади. 2015 йилда Франция пойтахтини 7 минг миллионер (6 фоиз) тарк этган. Кўпчилик парижлик миллионерлар Буюк Британия, АҚШ, Австралия ва Исроилга кўчиб кетган. Миллионерлар келиши бўйича эса Сидней етакчи бўлди, бу ерга ўтган йили 4 минг миллионер яшашга келган.

Маърузага кўра, Россия 2015 йилда доллардаги миллионерлар энг кўп миқдорда чиқиб кетган давлатлар рўйхатида 6-ўринни эгаллади. Маъруза муаллифлари маълумотларига кўра, Россиядан ўтган йили 2 минг миллионер кўчиб кетган, мамлакатдаги умумий миллионерлар сони эса 2 фоизга қисқариб, 137 минг кишини ташкил қилган.

Россия ўсиш учун катта салоҳиятга эга, шунинг учун 2015 йилда мамлакатдан миллионерларнинг чиқиб кетиши хавотир уйғотмоқда. Маъруза муаллифларининг фикрича, Россиянинг асосий муаммоларидан бири "давлатнинг бизнесга носоғлом аралашуви" ва "аксиламерикача позицияси" ҳисобланади. Бу позиция "ички инвестицияларга халақит беради ва хорижий компанияларга Россия бозорига киришда мураккаблик туғдиради".