Ўзбекистон | 10:49 / 01.04.2016
6787
2 дақиқада ўқилади

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилди

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Қарорда Комиссия аъзолари сенаторлар орасидан уларнинг ваколатлари муддатига республиканинг барча минтақаларидан вакил бўлган ўн беш кишилик таркибда Сенат томонидан сайланиши белгиланган.

Шу муносабат билан батафсил ва ҳар томонлама муҳокамадан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси таркибини туздилар ва тасдиқладилар.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, қонун устворлигини ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда уларнинг ишлаш усулларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш бўйича прокуратура органлари зиммасига юклатилган функцияларнинг самарали бажарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш вазифалари Комиссия зиммасига юклатилди.