Жаҳон | 16:11 / 02.04.2016
1946
2 дақиқада ўқилади

Арманистон ва Озарбайжон Қорабоғдаги вазият учун бир-бирини айбламоқда

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Вагиф Диёргоҳлининг маълум қилишича, арманлар Тоғли Қорабоғ ҳудудида навбатдаги иғво ҳаракатларини бошлади.

"2 апрелга ўтар кечаси бизнинг позицияларимиз Арманистон ҳарбийларининг миномётлари ва пулемётларидан ўққа тутилди. Ҳужумни улар бошлади. Ўқ узишлар Озарбайжоннинг тинч аҳоли вакиллари истиқомат қиладиган ҳудудлари бўйлаб ҳам амалга оширилди", дейди у Арманистоннинг баёнотига жавобан.

Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон қуролли кучлари Агдам, Тертер, Хўжаванд, Фузулий йўналишлари бўйлаб жавоб зарбалари амалга оширди.

"Яқин вақт ичида фронтдаги вазият бўйича маълумот берамиз", деган у.

Ўз навбатида, Арманистон ТИВ матбуот хизмати раҳбари Тигран Балаян ўзининг твиттерида "Озарбайжон ҳаракатини вазиятни чигаллаштириш учун ҳаракат" сифатида баҳолаган.

Унинг расмий Бокунинг Тоғли Қорабоғ можароси бўйича позициясини танқид қилган ва Озарбайжон томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганини қайд этиб, халқаро ҳамжамиятни буни танқид қилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили 2 апрелга ўтар кечаси Озарбайжон томонидан Тоғли Қорабоғ ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини, Арманистон томони бунга жавобан ўт очганини, натижада озарларнинг 1 ҳарбий вертолёти уриб туширилганини маълум қилди.