Жамият | 15:34 / 02.04.2016
2031
5 дақиқада ўқилади

ИШИДнинг тожикистонлик собиқ жангариси: биз жонли нишон эдик холос

Тожикистон ҳукумати маълумотларига кўра, Сурия Ироқ ҳудудидаги ИШИД террористик ташкилоти сафида, мингдан ортиқ Тожикистон фуқаролари жанг қилмоқда. Шу пайтгача, террорчилар таркибидаги 300га яқин тожик фуқароси ҳаётдан кўз юмган

2015 йилда Тожикистон жиноят кодексига ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра, жангарилар сафини ўз ҳоҳиши билан тарк этганлар ватанларига қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Қоидага кўра, ватанига қайтган жангари дастлаб, Тожикистон ҳуқуқ тартибот ва миллий хавфсизлик идоралари, Бош прокуратура томонидан сўроқ қилинади ҳамда лойиқ кўрилса, озодликка чиқарилади.

Тожикистонга қайтган жангарилардан 200 нафарга яқини шундай жараённи бошидан кечирган. Улар орасида, бир пайтлар ҳарбий институт талабаси бўлган, аммо кейинчалик, тирикчилик мақсадида Москвага кетиб, у ерда таксичилик билан шуғулланган, Ваҳдат шаҳарчасида истиқомат қилувчи Бобожон Қорабоев ҳам бор. У Сурияга ёлловчи воситасида Туркия орқали кириб борган. Қорабоев Сурияда 4 ойлар бўлиб қайтган.

Мухбир Анора Саркорова у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Бобожон унга бошидан кечирганларини айтиб берган.

Қорабоевнинг ҳикоя қилишича, у Сурияга 2015 йил ёзида борган ва ИШИДнинг Пальмирадаги лагерига 150 киши билан бирга жойланган. Пальмира шаҳридан 3 км узоқликда ИШИДнинг махсус бўлинмалари тайёрланар эди.

"ИШИД жангарилари, Ислом номини рўкач қилишади, аммо Сурияда кўрганларимнинг нафақат Исломга, балки дунёнинг бошқа динларига ҳам алоқаси йўқ", деган Қорабоев.

У Пальмирада 4 ойга яқин, чидаб бўлмас шароитларда яшагани, очлик, жазирама ва чанқоқликдан жуда қийналганини таъкидлади. Уларга, бир кунда 7 дона қуритилган хурмо ва 1 идишда сув берилган холос.

“Гарчи бизга, ёлланаётган вақтимизда, катта даромад ва иш ваъда қилишган бўлсада, ундан асар ҳам кўрмадик”, деб хотирлайди Қорабоев.

У Табҳага ўтказилгач, мудҳиш жиноятнинг гувоҳи бўлган. Машинада 25 ёшлар атрофидаги бир йигит келтирилиб, унга нисбатан ҳукм ўқилган ва шундоққина шаҳар марказида, омма олдида ошкорона боши кесиб ташланган. Бу билан ҳеч кимнинг иши ҳам бўлмади, дейди Бобожон суҳбатда.

“Барча ваҳшийликлар, қон ва ўлимга кўникиб қолган эди. Яқин орада уруш давом этаётган бўлса, бошқа бир ерда ИШИД номидан инсонларнинг боши кесилар, осилар эди”.
Қорабоевнинг таъкидлашича, бошқалар эмас, ўлимга олиб кетилаётганларнинг ўзлари ҳам қаршилик қилмаётгани, унда таажжуб уйғотган.

Биз улар учун шунчаки, инсон кўринишидаги маҳсулот, тирик нишон, қул эдик холос, деб ёдга олади Бобожон.

ИШИД ҳудудларида ҳеч қандай қонун амал қилмайди. Китоб ва газеталарни қўя туринг, ўзаро мулоқот қилиш ҳам тақиқланган, деб гувоҳлик беради собиқ жангари.

Унинг айтишича, у бир маротаба жангда иштирок этган, тирик қолганлар қатори унга ҳам 50 доллар тутқазишган.

Бобожон, гарчи ўз ватанига қайтгач, ҳукумат ваъдасида туриб, унинг айбини кечирган, ўзи ҳаётини янгидан бошлашга аҳд қилган бўлсада, бу борада бирмунча қийинчиликларга дуч келаётганини эътироф этади. Хусусан, оила қуриш борасида омади келмаяпти.

"Ахир, ким ҳам гулдек қизини собиқ бўлсада, жангарига эрга берарди", дейди у қилмишидан надомат чекаркан.

Ватанида ундан дўстлари, синфдошлари юз ўгирди. Ўзи ҳам кўчада бош кўтариб юришдан ор қилмоқда.

Собиқ жангарининг эътироф қилишича, эндиликда унинг ҳаётга қараши бутунлай ўзгарган. Унинг фикрича, ИШИД жангарилари Ислом динини ёмон кўришади. Улар, жангариликка тайёрланган манқуртлардир. Ислом дини эса, ўз қилмишларини хас-пўслаш учун бир ниқоб холос.

"Бунинг жиҳодга ҳам умуман алоқаси йўқ. Суриядаги уруш, бу катта бизнес, пул ва кимнингдир манфаатига жавоб бераётган ўйиндир. Ёлловчилар, командирлар ва етакчиларнинг барчаси, ўз вазифасини бажариши билан ҳаққини олади. ИШИД раҳбарларида инсонийлик қадриятлари, раҳмдилликдан асар ҳам йўқ. Ҳоҳлардимки, менинг хатоларимни ҳеч ким такрорламасин. Адашиб, оила аъзоларига ва ўзига умрбод азият етказмасин, таъна дашномга қолмасин", деб ҳикоясини якунлаган Бобожон Қорабоев.