Жаҳон | 15:05 / 05.04.2016
2503
3 дақиқада ўқилади

Мақтанчоқ фарзандлар ўз оталарини фош этмоқда

Қимматбаҳо яхталар ҳамда хусусий самолётлар фонида тушилган ва ижтимоий тармоқларга юкланган суратлар кўпчиликнинг эътиборини тортади. Кимдир истеҳзо билан уларнинг устидан кулса, кимдир ҳавас-хасад билан қарайди. Бироқ тўқлигини кўз-кўз қилувчи “бадавлат болалар” ўзлари билмаган ҳолда ота-оналарининг “йиққан-терган”ларини ҳам билдириб қўйиши, фирибгарларнинг диққатини тортиши ёки молиявий тергов-суриштирув ишларини бошлашга асос бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри ёзди.

Нашр маълумотига кўра, ижтимоий тармоқлардаги далиллар киберхавфсизлик билан шуғулланувчи фирмаларни жалб этган ҳолда ҳар тўрттадан учта суд ишларида фойдаланилади.

Ҳашамдор ҳаётдан дарак берувчи бундай суратларни эҳтиёткор ва ижтимоий тармоқларга эътиборсизроқ “катталар” эмас, балки уларнинг фарзандлари оммага намойиш этади.
Бундай мисолларни қаторлаштириб келтириш мумкин. Масалан, Россияда ёпилиб кетган банк бошқарувчиси билан боғлиқ фирибгарлик иши кўрилганда, адвокат жавобгар у ерда доимий яшамаслиги туфайли жиноий иш Буюк Британияда кўрилмаслиги кераклигини талаб қилган. Бироқ терговчи Дэниэл Ҳолл ижтимоий тармоқлардан айбдор оиласи билан Буюк Британияда яшаши ва ишлашини исботловчи суратларни тўпланган ва хронологик тартибда судга тақдим этган.

Қарзини қайтариш талаб қилинган одам “йирик миқдорда пули йўқ”лигини тушунтираётган бир пайтда, унинг боласи Багама оролларидаги нархи 25 миллион долларлик оилавий яхтасида суратга тушиб, қовун тушириб қўяди.

Бойликни мақтанавериш қаллобларнинг эътиборини ҳам тортади. Бу борада Kroll компанияси ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланувчи бадавлат меросхўр қиз билан боғлиқ суриштирув олиб борган. Қиз ўз почтасидаги махфий саволга итининг лақабидан фойдаланган. Кучук эса ижтимоий тармоқларда неча марталаб тилга олинган. Хакерлар қизнинг почтасини бузиб очиб, у дам олишга кетган пайтда фирибгарлар унинг почта манзилидан самолёт, вилла ва шоппинг учунг 900 минг долларлик қалбаки ҳисоб хатларини юборганлар.

Рэпер 50 Cent инқирозга учрагани тўғрисида эълон қилганидан кейин тўплам доллар пуллар билан тушган сурати учун уни судга чақиришган. Рэпер бу пулларнинг қалбаки эканини билдирган.