Жамият | 09:46 / 05.04.2016
2164
2 дақиқада ўқилади

Олимлар эркакларни инфарктдан ҳимоя қилиш усулини топишди

Гормонал даволаш ёши ўтган эркакларда тестостерон даражасини нормаллаштириш баробарида уларнинг юрак хасталикларига камроқ чалинишларига олиб келади. Солт-Лейк-Сити шаҳри Юрак институти тиббиёт маркази илмий ходимлари шундай фикрда. Бу ҳақда тиббий муассасалар тармоғи сайтида хабар қилинган.

Кўпйиллик илмий изланишлар шуни кўрсатдики, гормонал терапия курсидан ўтган беморларнинг 80 фоизи миокард инфаркти ва инсульт каби юрак билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларга кам дуч келишган.

Тадқиқотчилар 58 ёшдан 78 ёшгача бўлган 755 нафар беморнинг ҳолатини кузатиб боришган. Уларнинг барчасида бир пайтлар юрак ишемик хасталиклари аниқланган эди. Беморлар 3 гуруҳга ажратилиб, улардан бир гуруҳига тестостеронли даволаш курси тайинланмаган, иккинчисига ўртача миқдорда тайинланган, учинчи гуруҳ гормонни кўп миқдорда қабул қилган.

Уч йил давомида ҳар бир гуруҳдаги беморлар аҳволи ўрганиб борилган. Сўнгги йилда биринчи гуруҳдаги беморларнинг 125 нафари юрак хасталикларидан шикоят қилишган бўлса, иккинчи гуруҳнинг 38 аъзосида, учинчи гуруҳнинг атиги 22 нафарида юрак билан боғлиқ хасталиклар безовта қилиш ҳоллари қайд этилган. Америка кардиология коллежининг 65 илмий анжуманида эълон қилинган илмий тадқиқот дастури ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда.