Жаҳон | 15:31 / 05.04.2016
2625
2 дақиқада ўқилади

Қуёшдан қувват олувчи шаҳар бўйлаб саёҳат

Масдар Ситининг ажралиб турадиган жиҳати – энергия қуввати билан ўзини ўзи тўлиқ таъминлашидир. Нефть ишлаб чиқарувчи Абу-Даби амирлигидаги бу шаҳар фойдали қазилмалардан фойдаланмайди. Чунки унда электр қуввати олиш учун ўн минглаб қуёш батареялари ўрнатилган.

Бензинда юрадиган машиналар бу ерда қонун билан тақиқланган. Шаҳар аҳолиси пиёда ёки электрокараларда юради. Келгусида Масдар ҳамда Абу-Дабини улайдиган метро қурилиши режалаштирилмоқда. Маҳаллий қуёш электростанциялари бир кунда 1,5 ГВт электр қувватини ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Масдарнинг қурилиши БАА учун келажакка тикилган сармоядир. Бу – нефтдан кейинги эранинг биринчи шаҳри. Унинг қурилиши 2006 йили бошланган. Қурилиш бош режасини британиялик Норман Фостернинг архитектура бюроси ишлаб чиққан.

Айни пайтда лойиҳанинг беш йил муддатга мўлжалланган иккинчи фазаси амалга оширилиши бошланган. Бу даврда янги савдо ва яшаш уйлари, мактаблар ва чакана савдо дўконлари қад ростлайди.

Шаҳар майдони бор-йўғи 6 квадрат километр, бу ерда 4 минг одам яшайди. Кейинчалик Масдарда 90 минг аҳоли доимий яшаши ва 60 минг нафар одам бу ерга ишга келиб кетиши мумкин бўлади.

Масдар Сити Абу-Дабидан 17 километр жануби-шарқда жойлашган. БАА пойтахти халқаро аэропортидан машинада 5 дақиқада, Дубайдан эса бир соатда Масдарга етиб келиши мумкин.