Ўзбекистон | 21:29 / 07.04.2016
2021
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбекнефтгаз" йил охиригача иккита конни ишлашга тайёрлайди

"Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси йил охиригача умумий қиймати 291 млн доллардан кўпроқни ташкил қилувчи, Шарқий Бердах ва Шимолий Бердах конларини ишга туширишга тайёрлаш бўйича лойиҳани ўз ниҳоясига етказади. Ушбу лойиҳа янги сиқиб берувчи компрессор станцияси қурилишини ўз ичига олади, деб хабар берди компаниядаги манба Sputnik нашри мухбирига.

Ажратилаётган маблағларнинг катта қисми – 233,2 млн долларни "Ўзбекнефтгаз" ажратади, қолган 57 млн долларни эса Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси кредити ташкил қилади.

Манбанинг айтишича, лойиҳанинг амалга оширилиши ҳар йили 2 млрд куб метргача газ ва 43,1 минг тонна конденсат олишга имкон беради. Ҳозирда конларда бурғилаш ва 29 та қудуқни тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда, 2020 йилгача қудуқлар сонини 47 тага етказиш режалаштирилмоқда. Технологик қурилмаларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, 2 та турбодетандер агрегат ва бир қатор бошқа объектлар ўрнатилди.

"Бу вақт ичида 31 млн доллардан кўпроқ қурилма олиб келинди ва 150 млн доллар ўзлаштирилди", деб таъкидлаб ўтди манба.

Лойиҳани амалга оширишнинг тиғиз муддатлари авваламбор ўтган йилнинг октябрида Устюрт газ-кимё мажмуасининг фойдаланишга киритилиши билан боғлиқ бўлмоқда. Янги сиқиб берувчи компрессор станцияси ишга туширилгандан кейин мажмуага 1,5 млрд куб метр газ етказиб берилиши таъминланади, яна 500 млн куб метр газ экспортга юборилади. Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши коннинг фойдаланиш муддатини 10 йилга, яъни 2040 йилгача узайтиришга имкон беради.

Кон ва сиқиб берувчи компрессор станцияси лойиҳавий қувватларга чиққач, улар 150 млн доллардан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Лойиҳанинг экспорт салоҳияти 65 млн доллардан кўпроқни ташкил қилади.

"Ўзбекнефтгаз" холдинг компаниясининг қувватлари ҳар йили 60-70 млрд куб метр табиий газ ва 8 млн тонна суюқ углеводородлар олишга имкон беради. Бу кўрсаткичлар эвазига холдинг дунёда табиий газ олиш бўйича 11-ўринда туради.