Жамият | 21:37 / 10.04.2016
13826
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик математик фаннинг мингйиллик муаммоларидан бирини ечганини маълум қилди

Қарши давлат университети математиги Шокир Давлатов мингйилликнинг олтинчи муаммосини ечганини маълум қилди. Давлатов ўзининг масалага қарашини arXiv.org сайтида чоп этилган мақолада баён қилган.

"Ишда мингйилликнинг 6-муаммоси ечими берилган: фазовий ўзгарувчилар бўйича даврий чегаравий шартларга эга Навье-Стокс масаласининг ягона силлиқ ечими мавжудлиги исботланди", деб маълум қилади Давлатов.

arXiv.org сайтида чоп этилган иш рус тилида ёзилган бўлиб, унинг аннотацияси шунингдек инглиз тилида ҳам берилган. ҚарДУ расмий сайтида Давлатов математика кафедраси ходими эканлиги кўрсатилган.

Навье-Стокс тенгламаси қовушоқ суюқликнинг ҳаракатини таърифлайди. Гидродинамиканинг асосий масалаларидан бири ҳисобланади.

Охирги марта мингйилликнинг 7та масаласидан бири – Анри Пуанкаренинг гипотезаси исботини 2002 йилда россиялик математик Григорий Перельман ечган эди. Унинг бу ҳақдаги иши ҳам arXiv.org сайтида чоп этилганди. Ушбу ихтирони халқаро илмий ҳамжамият тан олган, бироқ олим унга 2010 йилда бу иши учун Клэй математика институти (АҚШ, Массачусетс штати, Кембриж шаҳри) томонидан берилган мукофотни олишдан бош тортган.

2014 йилда мингйилликнинг 6-муаммосини ечгани ҳақида Қозоғистондаги Льев Гумилев номидаги Евросиё миллий университети ходими Мухторбой Ўталбоев маълум қилганди. Бироқ америкалик математик Теренс Тао Ўталбоевнинг ечимини инкор қилувчи қарши мисоллар келтирилган эди.

2015 йилда Нигериядаги Ойе-Экити шаҳридаги Федерал университет ходими Опиеми Энох Риман гипотезасини исботлай олганини маълум қилган. Бироқ Клэй математика институтида Риман гипотезаси ҳанузгача исботланмаган, деб ҳисобланади.

Маълумот учун, мингйиллик масалалари "кўп йиллардан бери ечими топилмаган муҳим масалалар" деб таърифланган 7та математик муаммодан иборат. Бу муаммолардан ҳар бирининг ечими учун Клэй математика институти 1 миллион доллар мукофот пули белгилаган.

2016 йил ҳолатига кўра бу 7та масаладан фақат биттаси – Анри Пуанкаренинг гипотезаси исботланган.

Қуйида ушбу масалалар келтирилган:
1. P ва NP синфлар тенглиги.
2. Ходж гипотезаси.
3. Пуанкаре гипотезаси.
4. Риман гипотезаси.
5. Янг-Миллс назарияси.
6. Навье-Стокс тенгламалари ечимларининг мавжудлиги ва силлиқлиги.
7. Бёрч-Свиннертон-Дайер гипотезаси.