Спорт | 10:36 / 11.04.2016
2320
3 дақиқада ўқилади

Мэнни Пакьяо боксни муносиб равишда тарк этди

10 апрелга ўтар кечаси бокс оламида 2016 йилнинг энг муносиб жангларидан бир нечаси бўлиб ўтди дейиш мумкин. Афсонавий Мэнни Пакьяо Тимоти Брэдли устидан ғалаба қозониб, фаолиятини якунлаган бўлса, Энтони Жошуа оғир вазнда янги жаҳон чемпиони бўлди. Жильберто Рамирес эса, суперўрта вазнда чемпионлик камари соҳибига айланди.

Айтиш мумкинки, филиппинлик бокс юлдузи Мэнни Пакьяо ва америкалик Тимоти Брэдли ўртасидаги жанг, нафақат, MGM Grand саройида уюштирилган кечанинг, балки бокс оламида ушбу йилдаги энг яхши жангларидан бири бўлди. Мутахассисларнинг Мэнни борасида билдирган тахминлари ҳам ўзини оқламади, у ажойиб жангларидан бирини ўтказди.

Илк уч раунд бирмунча зерикарли бошланган бўлса-да, тўртинчи раунддан Мэннининг устунлиги кўзга ташлана бошлади. У бир неча комбинацияларни муваффақиятли якунлади.

Бешинчи раунддан томошабинлар ҳақиқий бокс жангининг гувоҳи бўлишди. Бу сафар ҳам Пакьяо рақибига аниқроқ ва жиддийроқ зарбалар беришга эришди. Гарчи, олтинчи раундда Бредли ўз ҳисобини тўлдиришга уриниб кўрган бўлса-да, зарбаларининг аксари филиппинликнинг мудофаасига дуч келди.

Еттинчи раунднинг охирларида Пакьяо биринчи марта рақибини нокдаун ҳолатига туширди. Америкалик тезда ўрнидан тура олди, аммо ҳакам ҳисобни очишга улгурганди. Бундан бироз қизишган Бредли рақибига ташланди, аммо Мэннининг жиддий қаршилигига учради. Мэнни рақибини иккинчи маротаба рингга қулатди. Шу билан филиппинлик ўйин тақдирини деярли ҳал қилиб бўлганди.

Брэдли охирги раундларда бирмунча олдинга ташланишга ҳаракат қилиб кўрди, аммо тажриба ўз сўзини айтди. Пакьяо ҳамон аниқроқ ҳаракат қилиб, ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Барча ҳакамлар бир хил — 116:110 ҳисобини қайд этишди.

Афсонавий боксчи, саккиз вазн тоифасида жаҳон чемпиони, топ-5таликда турувчи боксчилардан бирини чиройли мағлуб этиш билан ўзининг спортдаги фаолиятини якунлади.

Пакьяо салкам 15 йил давомида вазн тоифасидан қатъи назар дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири бўлиб келди. Айни шу мақомда у профессионал боксни тарк этди. Ўз фаолиятини, шон-шуҳратнинг энг юқори чўққисида якунлади, бу эса, албатта ҳурматга сазовор ишдир.