Ўзбекистон | 16:35 / 12.04.2016
3057
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий фикр: Ўзбекистондаги банк тизими барқарор ва ишончли

Бугунги кунда Ўзбекистон жамият ҳаётининг барча жабҳаларида жадал ривожланиб бормоқда. Бутун дунё иқтисодий форуми натижаларига кўра, мамлакат иқтисодий жиҳатдан энг тез ривожланаётган беш давлатнинг биридир.

Охирги йилларда Standart & Pооr's, Fitch Ratings ва Mооdy's халқаро рейтинг агентликлари ҳар йили Ўзбекистон банк тизими фаолиятини "барқарор" дея баҳолашмоқда.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, бизнес юритиш бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда кредит соҳасида 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилган. Американинг Global Finance журнали рейтинг баҳоларига назар солинса, Ўзбекистон Миллий банки бутун жаҳондаги миллий банклар орасида нисбатан юқори поғоналарни эгаллади.

Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлиги Ўзбекистонда фаолият юритаётган кўплаб муассасалар ва ташкилотлар томонидан алоҳида қайд этилмоқда.

"Ижтимоий фикр" маркази томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган ижтимоий сўров натижалари ҳам бунга яққол далилдир. Сўровнома натижалари ОАВ орқали кенг оммага етказилади.

Яқинда банкларнинг 2016 йил 1-чораги фаолиятига бағишланган сўровнома ўтказилди. Тадқиқотда иқтисодиёт, кичик бизнес, аёллар тадбиркорларлиги, оилавий бизнес ва ёшлар секторларининг вакиллари иштирок этишди. Қатнашчилар тадбиркорликнинг турли жабҳаларидан танлаб олинди - оилавий корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликлари, кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар.

Улардан "Банк тизимидаги тадбиркорларга яратилган имкониятлар ва чегирмаларга доир хизматларни қандай баҳолайсиз?" деган саволга жавоб бериш сўралган. Натижада, сўровномада иштирок этганларнинг 98,5 фоизи бунга нисбатан ижобий фикр билдиришган.

"Банкларнинг 2016 йил 1-чорагидаги фаолиятидан мамнунмисиз?" деган саволга 97,8 фоиз иштирокчи ижобий жавоб берган.

Улар хизмат кўрсатишнинг янги замонавий усуллари қўлланаётганлигини, тезкор маслаҳат ёрдами кўрсатилаётгани, шунингдек турли муаммоларни ҳал қилишда қўллаб-қувватлашаётгани, барча операциялар ўз вақтида бажарилаётгани, низомга риоя қилинаётгани ҳамда қонунбузарликларга йўл қўйилмаётганини алоҳида таъкидлашган.