Ўзбекистон | 19:39 / 12.04.2016
2354
3 дақиқада ўқилади

2015 йилда Ўзбекистон ва Япония ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 253,4 млн долларни ташкил этди

Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида 12 апрель куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон қўмиталарининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, авиаташув, энергетика, нефть-газ, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, кимё ва енгил саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, геология, тоғ-кон металлургияси, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон билан Япония ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми мунтазам ошмоқда. 2015 йилда бу кўрсаткич 253,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган ўндан зиёд қўшма корхона, ушбу мамлакатнинг 12 компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар транспорт, хизмат кўрсатиш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, енгил саноат, экспорт-импорт операцияларини ўтказиш, сармоявий лойиҳалар доирасида асбоб-ускуналар етказиб бериш каби йўналишларда иш олиб боради.

Япония ҳукумати мамлакатимизда 1995 йилдан буён таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни қамраб олган кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастурини амалга ошириб келмоқда. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида умумий қиймати 23 миллион 380 минг доллардан ортиқ 352 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Айни пайтда таълим ва тиббиёт соҳасида 11 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусийлаштириш соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш катта истиқболга эга экани таъкидланди. Мамлакатимизда фаол иш юритаётган Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, “Mitsubishi Corporation”, “Marubeni Corporation”, “Toyota Tsusho Corporation” каби ташкилот ва компаниялар ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Янги қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди.