Ўзбекистон | 11:54 / 13.04.2016
3230
3 дақиқада ўқилади

Таҳлилчи: Ўзбекистон 27 йилдан бери ёшларни космосга учиришга тайёрлайди

Ўзбекистон МДҲда 27 йил мобайнида космос соҳасига ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича Россиядан кейинги ўринда турадиган мамлакат ҳисобланади. Sputnik мухбири Косманавтлар кунида "Халқаро аэрокосмик мактаб" (ХАКМ) лойиҳаси раҳбари, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ядровий физика институти лабараторияси раиси, физика-математика фанлари доктори Элвира Ибрагимова билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Элвира Маметовнанинг айтишича, 1989 йилда аэрокосмик соҳага мутахассислар етказиб бериш учун болаларни муҳандислик мутахассисликларига мактаб давридан бошлаб йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу мақсадда ХАКМ лойиҳаси ишга туширилган. Бу ижтимоий ўқув-таълим муассасаси бўлиб, у ёшларни авиакосмик соҳа билан таништиради. Мактаб асосчиси - академик Шавкат Воҳидов ва унинг космик дастурлар бўйича ҳамкори фазогир Владимир Жонибеков.

"Ўшандан бери мактаб ёз фаслини Тошкент вилоятидаги "Коинот" базасидаги кўркам тоғ ҳудудларида ўтказади. Икки ҳафта давомида олий таълим муассасалари ўқитувчилари, фазогирлар, учувчилар келиб, ёшларга коинот сирларини ўргатадилар, юлдузлар ва космик станциялар ҳақида сўзлаб берадилар. Бизнинг мактабимизда йилига 30-50 нафар атрофидаги бола ўқитилади, улар танлов асосида сараланади", - дейди лойиҳа раҳбари.

Ҳар йил бошида маҳаллий ва хорижий матбуотда, интернет-газеталарда мактаб ташкилий қўмитаси 10-12та савол чоп қилади, бу саволлар физика, математика, астрономия, авиация, косманавтикага доир бўлади.

Мактаб директорининг сўзларига кўра, бу ерда турли даврларда Коинот билан яқиндан таниш таниқли инсонларнинг маърузалар ўқиши бу ўқув даргоҳига ишончни янада орттиради. Уларнинг орасида иккинчи фазогир Герман Титов, Роскосмоснинг етакчи мутахассислари ва маҳаллий мутахассислар бор. Шу билан биргаликда, Air France авиакомпанияси учувчилари, жумладан А-380 аэробуси командири Кристин Дебюзи хоним ҳам фойдали билимлари билан ўртоқлашишган.

Мактабнинг бу йилги мавсуми тахминан 20 июлда очилади. Дастур физика, математика, астрономия, космик алоқа, самолётлар ва вертолётлар қурилмаси ва яқинда қўшилган кичик космик аппаратлар фанларидан иборат.