Ўзбекистон | 16:38 / 15.04.2016
2609
2 дақиқада ўқилади

ЮНИСЕФ болалар муҳофазаси учун янги дастур бўйича Ўзбекистонга 33 млн доллар ажратади

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати 2016—2020 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурининг фаолият режаси (ҲДФР)ни имзолади. Имзолаш маросими 15 апрель куни Ташқи ишлар вазирлиги Маросимлар уйида бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берган.

ҲДФР мамлакатдаги болалар ва оналар фаровонлигини ошириш ҳамда Барқарор Тараққиёт Мақсадларига, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган мақсадларга эришишда кўмаклашишдан иборат. ҲДФРни Ўзбекистон Ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов имзолади. Маросимда Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов ва Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов иштирок этди.

Мазкур ҳужжат ЮНИСЕФ ҳамда бир қатор вазирликлар, бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги интенсив маслаҳатлашувлар жараёнида тайёрланди. ҲДФР Ўзбекистонда болалар фаровонлиги билан боғлиқ бўлган сиёсат ва стратегияларга ҳамоҳанг бўлиб, БМТнинг Ўзбекистонда тараққиётга кўмак дастури ва 1994 йилда Ўзбекистон томонидан ратификасия қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда янги ҲДФРни амалга ошириш учун кейинги беш йил мобайнида 33 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни инвестиция қилиш мажбуриятини олган.