Жаҳон | 11:49 / 15.04.2016
1872
2 дақиқада ўқилади

Обама Саудия Арабистони, Британия ва Германияга отланди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II билан тушлик қилиш, Америка президентининг хорижий саёҳати тартибидаги аҳамиятли воқеалардан бири бўлади. Обаманинг Оқ уй маъмуриятидаги бош маслаҳатчиси Бен Родс расмий тушлик қироличанинг Виндзор қасридаги қароргоҳида 22 апрель куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

Обама Буюк Британияга Саудия Арабистонига учиб келади. Америка етакчиси Саудия подшоҳлигида давлат раҳбари билан учрашувдан ташқари, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши саммитида иштирок этади. Унда учта асосий мавзу: минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризмга қарши кураш ва Эронга нисбатан якдил позицияни шакллантириш масалалари муҳокама этилади.

Обама Лондонда бош вазир Дэвид Кэмерон билан мулоқот ўтказгач, Берлинга учиб, канцлер Ангела Меркель ҳамроҳлигида Ҳанновер саноат ярмаркасига ташриф буюради. АҚШ ва Германия етакчилари ушбу ярмаркани тантанали очилиш маросимида қатнашади.

Умуман, Обаманинг хорижий сафарларига оид ўтказилган брифингда Родс ва матбуот анжуманининг бошқа иштирокчилари АҚШ етакчисининг мазкур сафарлари, мамлакатнинг муҳим иттифоқчилари билан хайрлашув маъносини англатишини яширишмади. Обаманинг 8 йиллик президентлиги давомида, Лондон Вашингтоннинг "яқин дўст" бўлди, Берлин эса "муҳим ҳамкор" сифатида қаралди. Ар-Риёдга нисбатан иттифоқчилик талқини мос келишига шубҳа билдирган журналист аёлнинг саволига, Обама бу мамлакатга тўртинчи маротаба бораётгани таъкидланди.

Обаманинг Европага сафари бўйича умумий маълумотни мазкур минтақа бўйича бош маслаҳатчиси Чарльз Купчан тақдим этди. Унга кўра, Обама Британия бош вазири ҳамда Германия канцлери билан, Украина ва Россиянинг Минск келишувларига қай даражада амал қилаётганини муҳокама этади.

Бундан ташқари, Брюссель воқеаларидан кейин, терроризмга қарши курашда нафақат трансатлантик минтақада, балки Европанинг ўзида қандай чоралар кўрилаётгани хусусида сўз боради. Шунингдек, икки томонлама музокараларда, томонларни қизиқтирган бошқа долзарб мавзуларда фикр алмашилади.