Фан-техника | 18:56 / 18.04.2016
2553
3 дақиқада ўқилади

Tesla Model 3 автомобилининг асосий рақиблари санаб ўтилди

Интернет тармоғида электромобиль мухлислари учун ажойиб тавсиялар пайдо бўлди. Унда Илон Маскнинг оммавий седани сотуви бошланишини кутиб, тоқати тоқ бўлганлар учун бошқа электромобиллар тақдим этилган.

Электромобиллар оламида энг оммабоп бўлиши кутилаётган Tesla Model 3 машинаси 2017 йил охирларидан бошлаб сотила бошланади. Аммо, ҳозирданоқ унга берилган буюртмалар сони 325 мингдан ортиб кетган. Бироқ, бу бозорда ягона электромобиль дегани эмас, албатта. Tesla Model 3 седанининг рақобатчилари аллақачон йўлларда кезиб юрибди.

BMW i3

BMW’нинг бу модели футуристик дизайн ва энергияни тежовчи узатмалар қутисига эга бўлиб, бозордаги шу турдаги бошқа автомобилларга нисбатан қимматроқ туради.

Chevrolet Spark EV

Spark EV нафақат, қулай ва ишчан, балки бошқариш ҳам жуда ёқимли. Уни электромобиллар орасида спорткар дейиш мумкин.

Chevrolet Volt 

Volt — бу машина гибрид бўлгани учун ҳам қулайдир. Батарея қуввати ёрдамида 85 км ни босиб ўтиш мумкин бўлса, узоқ сафарларда бензинли мотори қўл келади.

Fiat 500e 

500е — энтузиастлар учун мўлжалланган деса бўлади. Анчагина тезкор ва бошқарувда қулай автомобиль. Афсуски, у тез қувватлана олмайди.

Kia Soul EV

Kia Soul EV — бир марта қувват олгач, 150 км йўл юра олади. Шу билан бирга, тез қувватланиш функцияси билан фахрланса арзийди.

Mitsubishi i-MiEV 

i-MiEV модели тухум шаклли бўлиб, электрокарнинг ўзига хос вариантидир. Унда унчалик узоқ масофани босиб ўтиш имконсиз, аммо ChaDeMo адаптери ёрдамида тезда қувватлана олади.

Nissan Leaf 

Nissan Leaf — жаҳондаги энг кўп сотилаётган электрокар ҳисобланади. У бир марта қувват олгач, 172 км масофага бора олади, аммо қўшимча 30 кВтлик батареяси ҳам борлигини унутмаслик лозим.

Volkswagen e-Golf 

Volkswagen e-Golf — дунёда энг кўп сотиладиган автомобилнинг электрли кўриниши. У, тез, қулай ва бошқаруви ёқимли.