Жаҳон | 10:05 / 18.04.2016
1914
1 дақиқада ўқилади

Ҳиллари Клинтон кортежига бир долларлик қоғоз пуллар улоқтирилди

Лос-Анжелесда АҚШнинг собиқ давлат котиби ва АҚШ президенти лавозимига Демократик партиядан номзод Ҳиллари Клинтоннинг кортежига бир долларлик қоғоз пуллар улоқтирилди. Бу вақтда Клинтон уни қўллаб-қувватлаётган актёр Жорж Клуни ва унинг рафиқаси Амал Клуни билан бирга ўзининг сайлов кампанияси эҳтиёжлари учун маблағ йиғиш бўйича ўтказилаётган тадбирга кетаётган бўлган.

CNN телеканалининг маълум қилишича, буни Вермонт штатидан сенатор-демократ Берни Сандерснинг тарафдорлари амалга оширган. Ушбу акция ташкилотчиларидан бири Ҳовард Голднинг тушунтиришича, фаоллар бу билан АҚШ қонунларининг бемаънилигини кўрсатишмоқчи бўлишган. АҚШ қонунчилиги бўйича, сиёсатчилар бадавлат одамлардан ўз кампанияларини молиялаштириш учун катта миқдордаги пуллар олиш ҳуқуқига эгалар.

Норозилик акцияси давомида минг долларга яқин пул сочилган. Бу жараён режиссёр Мервин Леройнинг 1933 йилдаги "Олтин қидирувчилар" фильмидаги қўшиқ садолари остида ўтган.