Ўзбекистон | 18:32 / 19.04.2016
2486
2 дақиқада ўқилади

Август ойидан Бухорога тезюрар поезд қатнай бошлайди

Ўзбекистон 2016 йилнинг август ойида Тошкент ва Бухоро шаҳарлари ўртасида тезюрар поезд қатновини изга туширади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиши бошланиши муносабати билан тантанали тош қўйиш маросимида маълум қилди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар берган.

Шавкат Мирзиёевнинг баёнот беришича, икки шаҳар ўртасидаги тезюрар поезд қатнови 20 август кунидан бошлаб амалга оширилади. Унинг аниқлик киритишича, янги юқори тезликдаги темирйўл 25 августда фойдаланишга топширилади.

Маълумки, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 2015-2016 йилларда, «Самарқанд-Бухоро» темирйўлини электрлаштириш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу эса Тошкентдан Бухорогача тезюрар поезди қатновини йўлга қўйишга имкон беради. Ушбу лойиҳа қиймати 400 млн доллар атрофида баҳоланган.

Лойиҳа амалга оширилгач, «Тошкент-Бухоро» йўналиши бўйича иккита тезюрар поезди қатнай бошлайди. Бунда, саёҳат вақти 2 мартага қисқариб, ҳозирги 7-8 соат ўрнига 3,5 соатлар ичида манзилга етиб олиш имкони пайдо бўлади.

Ушбу лойиҳа ёқилғи харажатлари ва табиатга етказиладиган зарарлар миқдорини камайтириш имконини беради. Айни вақтда меҳнат самарадорлигига эришилади, юк ва йўловчи ташиш ҳажми ошади.