Жаҳон | 11:05 / 21.04.2016
1761
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Ироқ жангариларига илк бор В-52 самолёти орқали зарба берди

Американинг В-52 стратегик бомбардимончиси Ироқда биринчи марта ИШИД террористик гуруҳи жангарилари позициялари бўйлаб зарба берди. Бу ҳақда Ироқ ва Сурияда аксилтеррористик амалиётларда иштирок этувчи АҚШ ҳарбий гуруҳи расмий вакили полковник Стив Уоррен хабар берди.

“Душанба (18 апрель) куни ушбу афсонавий самолёт Ироқ шимолидаги Кайар туманида террорчиларнинг қурол-яроғ омборини йўқ қилиш мақсадида биринчи жанговар парвозини амалга оширди”, - дейди у.

Уорреннинг сўзларига кўра, В-52 “ҳарбий ҳаракатлар театрида биз 20 ойдан буён кузатганимиздек аниқ зарбалар беради”.

В-52 Луизиана штати АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари базасидан Қатар пойтахти Доҳадаги Эл-Удейд авиабазасига 9 апрель куни йўналтирилган. Бу АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан 26 йил давомида биринчи марта бу каби техникаларнинг масъул тараф ҳудудига олиб ўтилиши. Унгача ИШИДга қарши асосан F/А-18 Super Hornet қирувчи-штурмовиклари ҳаракатланган.