Жамият | 22:17 / 22.04.2016
5623
3 дақиқада ўқилади

«Хайр, трамвай. Балки вақти келиб қайтарсан, лекин барибир - хайр»

Тошкентликлар тез орада барча йўналишлардаги қатнови бутунлай тўхтатиладиган трамвай билан хайрлашмоқда. Шаҳар аҳли 21 апрель куни охирги марта 9 ва 13-трамвайларда сайр қилиш учун келишди.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари охирги марта трамвайга чиқиб, охирги олинган суратларни ўз саҳифаларига жойлаштиришиб, шаҳар трамвайига сўнгги сўзларини йўллашмоқда.

«Хайр, трамвай. Вақти келиб балки янгилашар, бошқа турдагини қўйишар, лекин барибир - хайр. Bach Hoosier нинг сени сақлаб қолиш учун ёзган жуда кўплаб постларини ўқиб бордим шу кунларда. Бир устозимнинг айтишларича, сени кетишинг электр энергиямизни тежашга ёрдам бераркан. Билмадим... Соғиниб қоламиз. Биздан хафа бўлма», дея ёзади 9-трамвайнинг собиқ йўловчиси.

Facebook фойдаланувчиларидан яна бири охирги қатновдан қайтаётган 9-трамвай вагонини ичкаридан ва ташқаридан суратга олиб, ўз саҳифасига жойлаштирган.

«Тошкент трамвайи билан видолашиш», — деб изоҳ берди у фотосуратларга.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳокимияти Тошкент шаҳридаги 6та трамвай йўналишлари фаолияти тўхтатилиши ҳақида март ойи охирида маълум қилганди.

12 апрель куни Тошкент шаҳрида №12 йўналиши («Бешқайроғоч» даҳасидан «Беруний» метросигача) ва №26 йўналиши («Қўйлиқ-6» дан «Тошкент» вокзалигача) бўйича ҳаракатланадиган трамвайлар ҳаракати тўхтатилди.

22 апрелдан эса Тошкент шаҳридаги 9- ва 13-трамвай йўналишларининг иши бутунлай тўхтатилди.

17- ва 8-трамвайлар иши тахминан 1 июнга қадар давом этади.

Шу тариқа, шаҳарда 115 йилдан буён ҳаракатланиб келаётган трамвайлар 2010 йилнинг баҳорида ёпилган троллейбуслар ортидан тарихга айланмоқда. Бунинг сабаби сифатида уларнинг жамоат транспортининг бошқа турларига нисбатан «самарасиз» эканлиги келтирилган.

Шу ойдан бошлаб трамвайлар ҳаракатланган йўналишларда мос равишда Т8, Т9, Т13 каби автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу йўналишларда Isuzu автобусларидан фойдаланилмоқда. Сентябрь ойи охиригача шаҳар ҳокимияти 80та шундай автобуслар сотиб олиб, ҳар бир йўналишга 10тадан 18тагача автоулов қўйишни режалаштирган.