Жамият | 00:04 / 24.04.2016
3373
2 дақиқада ўқилади

Россиялик Дубайдаги энг баланд бинолардан бирининг томида бажарган хавфли трюклари билан интернетни лол қолдирди

Россиялик 25 ёшли Олег Шерстяченко Дубайдаги энг баланд бинолардан бирининг томига чиқиб, у ерда ақл бовар қилмас ва ҳаёт учун жуда хавфли трюклар бажарган ҳамда буни видеога муҳрлаган.

У бино томида орқага сальто сакраган, кейин эса бинонинг икки четига тиралиб, ётиб-кўтарилиш машқларини бажарган.

Шундан кейин экстремал гироскутерда бино томининг чеккасидан юрган. Видеода у томдан йиқилишига бир неча сантиметр қолганини кўриш мумкин. Йигит гироскутерда олдинга-орқага ҳаракатларни бажаргандан кейин, ўзига хос пируэт бажариб, мўъжизавий ҳолда мувозанатини сақлаб турган. У, шунингдек, бу қурилмада қўлларига тираниб ҳам учган.

Видеолар интернетда чоп этилгандан кейин, биринчи куннинг ўзида 15 мингдан кўпроқ намойиш ҳамда йигитнинг қўрмаслиги ва ўз ишининг устаси эканлигидан лол қолган фойдаланувчиларнинг изоҳларини йиққан.

"Мен қандай қилиб ҳали ҳам тирикманми? Билмадим. Балки мен ўлмасдирман", деб ўз видеосига изоҳ қолдирди йигит.

Бу россиялик йигитнинг бундай биринчи хавфли трюки эмас. Аввалроқ у бир қўлида Гонконгдаги осмонўпар бинода осилиб тургани видеосини чоп этганди. Унинг айтишича, у 16 ёшидан бери гимнастика, акробатика билан шуғулланиб келади ва профессионал каскадёр ҳисобланади.