Жаҳон | 10:27 / 26.04.2016
1782
2 дақиқада ўқилади

Гройсман Украина янги ҳукуматининг уч асосий вазифасини маълум қилди

Украина бош вазири Владимир Гройсманнинг маълум қилишича, янги ҳукумат йил охирида мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик дастурини эълон қилади, аммо ҳозирча 3та асосий йўналиш аниқлаб олинган.

"Вазирлар маҳкамаси, биринчи навбатда, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириши, иқтисодий ўсишни таъминлаши ва ижтимоий адолатни тиклаши лозим. Мана шулар фуқаролар турмуш даражасини оширишга ёрдам беради", — деган бош вазир ICTV телеканалидаги чиқишида.

Гройсманнинг қайд этишича, Украина стратегик мақсади — Европа ва трансатлантик интеграциядир. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун мамлакат ривожланишига тўсқинлик қилаётган барча салбий кўринишлар, хусусан, коррупциядан қутилиш даркор. Шу билан бирга, бош вазир украин божхонасининг яширин фаолияти ва самарасиз давлат бошқарувини танқид қилган. "Давлат чуқур ислоҳотларга муҳтож", — деган Украина бош вазири.

Гройсманнинг фикрича, суд ва таълим соҳасида ислоҳотлар ўтказиш, қулай бизнес шароити яратиш, давр талабига мос солиқ ислоҳоти ҳамда миллий иқтисодиётни тиклаш каби масалалар ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳал этиши лозим бўлган муҳим йўналишлардан ҳисобланади.